Трамп Ким Чен Ин билан учрашадими?
Президент Дональд Трамп шу ҳафта Хитойга сафари чоғида Корея Халқ Демократик Республикаси раҳбари Ким Чен Ин билан ҳам учрашиш эҳтимоли борлигини билдирди. У Осиёга йўл олишидан олдин Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда бундай мулоқотда “кўп нарсага эришиш мумкинлиги”ни айтди.
Америка етакчиси Шэньчжэнь шаҳрида Россия Президенти Владимир Путин ва Хитой Раиси Си Цзиньпин билан уч томонлама музокара ўтказиши режалаштирилган. Учрашувда ядровий қуролсизланиш, Эрон ва Украинадаги уруш, шунингдек иқтисодиёт ва савдо масалалари муҳокама қилиниши кутиляпти.
Трамп август ойида ҳам Ким билан учрашиш нияти борлигини билдирган эди. Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори Рафаэль Гросси эса сентябрь ойида Шимолий Корея қурол учун мўлжалланган ядровий материал ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириши ҳақидаги маълумот жиддий хавотир уйғотаётганини таъкидлаган.
Мусулмон Зиё, ЎзА