Қишда Украинада ядровий авария хавфи ортадими?
“Reuters” хабар беришича, 38 мамлакатдан иборат ядровий хавфсизликни тартибга солувчи тузилма Россияни Украина энергетика инфратузилмасига ҳужумни тўхтатишга чақирди. Асосий ташвиш шундаки, тармоқдан барқарор электр таъминоти бўлмаса, Украина атом электр станциялари ядровий материал совишини сақлаб қолиши ва реакторлар эриб кетишининг олдини олиши жуда қийин кечади. Агар салбий ҳолат юзага келса, 1986 йил Чернобиль фожиаси пайти содир бўлганидек, радио фаол моддалар ҳавога тарқалиши мумкин.
Чақириқ муаллифлари Европа мамлакатларини радиациядан ҳимоя қилиш бўйича ваколатли идора – HERCA, Ғарбий Европа ядровий тартибга солувчилар уюшмаси – WENRA ҳамда Шимолий радиация идораси – NORA раҳбарларидир. Улар биргаликда Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар, Қўшма Штатлар, Буюк Британия, Канада ва Японияни ҳам ўз ичига олган 38 мамлакатни ифодалайди.
Ушбу мамлакатлар Россия ҳужуми туфайли яқинлашаётган қиш мавсумида ядровий авария хавфи ўта юқори бўлишини таъкидламоқда. Электр тармоғи бутун Украина бўйлаб узилиши энг ёмон эҳтимолий вазият сифатида кутиляпти. Бундай ҳолат мавжуд барча 9 ядровий реакторга таъсир кўрсатади.
С.Раҳимов, ЎзА