АҚШда хорижлик талабалар сони қисқармоқда
Америка олий ўқув юртларида чет эллик талабалар сони 9 фоизга камайгани қайд этилди, деб хабар бермоқда “Bloomberg” ахборот агентлиги Халқаро таълим институти тадқиқотларига таяниб.
Энг юқори пасайиш кўрсаткичи аспирантлар ўртасида кузатилмоқда. Куз ойларида ушбу тоифадаги изланувчилар сони деярли 15 фоизга камайган. Бакалавриат йўналишида таҳсил олувчилар эса 3 фоизга қисқарган.
Халқаро таълим институти тадқиқоти доирасида Американинг 800 дан зиёд олий ўқув юрти вакиллари орасида сўров ўтказилган. Иштирокчиларнинг фикрича, бундай ўзгаришлар АҚШнинг виза сиёсати ҳамда мамлакатда олий таълим харажатлари ошгани билан боғлиқ.
Чет эллик талабалар сонининг қисқариши Америка университетлари учун қўшимча молиявий қийинчиликларни юзага келтирмоқда, чунки хорижлик талабаларнинг аксарияти таълим тўловини тўлиқ амалга оширади.
Шунингдек, ўтган 2025 йилда АҚШга амалга оширилган сафарлар сони ҳам 5,5 фоизга камайган. Бу коронавирус пандемияси бошланганидан буён кузатилган илк пасайиш ҳисобланади.
Азиза Алимова, ЎзА