Адлия вазирлиги фуқароларни шахсга доир маълумотларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишга чақирди.
Чунки турли тўлов операторлари ва ижтимоий тармоқларда тадбиркорлар томонидан аҳолига хизмат кўрсатиш, шу жумладан, давлат хизматлари кўрсатишда уларнинг Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетлари орқали ёрдам кўрсатиш таклиф қилинмоқда.
Бироқ, аксарият ҳолларда тадбиркорлар ва тўлов операторлари томонидан аҳолига кўрсатилган хизматлар якуни бўйича шахсга доир маълумотларнинг йиғилиши ҳамда бу маълумотлар бошқа шахсларга берилиши ва оқибатда ундан турли ғараз ниятларда фойдаланиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Лекин шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
«Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунда мулкдор ва (ёки) операторнинг, шунингдек, учинчи шахснинг шахсга доир маълумотларга ишлов бериш билан боғлиқ бўлган ходимлари ўзига ишониб топширилган ёки касбий, хизмат ёхуд меҳнат мажбуриятларини бажариши сабабли маълум бўлиб қолган шахсга доир маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўймаслиги белгиланган.
Шундай экан, шахсга доир маълумотларни дуч келган кишиларга, шахсингизга оид маълумотларни сир сақлашни кафолатлай олмайдиган субъектларга тақдим этманг. Акс ҳолда улар маълумотлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиши мумкин.
Н.Абдураимова,
ЎзА