Шахсга доир маълумотларни сақлаш ва уларга ишлов беришнинг алоҳида шартлари белгиланди
2026 йил 27 мартда “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун кучга кирди.
Мазкур қонунда нималар назарда тутилган? Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов шу ҳақда гапириб берди:
– Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни жадал ривожлантириш, нақдсиз тўловлар улушини ошириш, электрон тижоратни кенгайтириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, онлайн тўлов тизимларини ривожлантириш, QR-код орқали тўловларни кенгайтириш, маҳаллий банклар ва халқаро тўлов операторлари ўртасида интеграцияни мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳуқуқий ва ташкилий чоралар кўрилди.

Шу билан бирга, амалдаги айрим қонун нормалари халқаро тўлов тизимларининг мамлакатимиз бозорига кириб келишини чеклаётгани, бу эса рақамли иқтисодиёт ривожига айрим тўсиқларни келтириб чиқараётгани кузатилди.
Жумладан, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларини йиғиш, сақлаш ва қайта ишлаш асосан республика ҳудудида жойлашган серверларда амалга оширилади.
Ушбу талаб шахсга доир маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга бўлса-да, амалиётда у айрим салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда.
Хусусан, халқаро онлайн тўлов тизимлари ва интернет платформалари Ўзбекистон бозорига киришда тўсқинлик қилиб, электрон тижорат соҳасида рақобат муҳити чекланмоқда. Натижада аҳоли ва тадбиркорлар замонавий, қулай ва хавфсиз халқаро тўлов хизматларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлмоқда.
Мазкур масала халқаро даражада ҳам қайд этилган. Жумладан, АҚШ Давлат департаментининг 2025 йил учун Ўзбекистонда инвестиция иқлимига оид баёнотида “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун нормалари халқаро онлайн тўлов компаниялари фаолиятини сезиларли даражада чеклаётган омил сифатида кўрсатилган.
Қайд этиш лозимки, бугунги кунда дунёда энг кенг тарқалган онлайн ва контактсиз тўлов хизматларидан бири – “Google Pay” тизимидир. Ушбу тизим 2011 йилда Google компанияси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирги кунда 97 давлатда фаолият юритади ва 150 миллиондан ортиқ фойдаланувчига эга.
Эътиборли жиҳати шундаки, “Google Pay” Марказий Осиё мамлакатларидан Қозоғистон, Қирғиз ва Тожикистон Республикаларида муваффақиятли жорий этилган. Бу эса минтақадаги рақамли тўлов инфратузилмасининг жадал ривожланишига хизмат қилмоқда.
Бироқ, Ўзбекистон фуқаролари мазкур тизимдан фойдаланиши учун ўз шахсига доир маълумотлари, жумладан, фамилияси, исми, банк картаси реквизитлари, яшаш манзили ва бошқа маълумотларни тизим асосчиси бўлган хорижий компанияга тақдим этиши талаб этилади. Ушбу маълумотлар эса Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида жойлашган серверларда сақланади. Зотан, бу ҳолат амалдаги қонунчилик талабларига зид ҳисобланади.
Бунинг оқибатида мамлакатимиз аҳолиси ва тадбиркорлари халқаро тўлов тизимларидан фойдаланишда чекловларга дуч келмоқда. Биринчидан, электрон тижорат ва рақамли хизматлар бозорининг ўсиши секинлашмоқда. Иккинчидан, ўзини ўзи банд қилган шахслар, айниқса дастурий таъминот, ахборот тизимлари ва рақамли маҳсулотлар яратиш билан шуғулланувчи мутахассислар хорижий буюртмачилардан тўловларни расмий каналлар орқали қабул қила олишмаяпти. Учинчидан, тўловларни “айланма йўллар” орқали амалга ошириш амалиёти кенгайиб, бу “яширин иқтисодиёт” ҳажмини ошириш хавфини келтириб чиқармоқда. Тўртинчидан, хорижий туристлар учун нақдсиз тўлов хизматларининг чекланганлиги мамлакатнинг туристик жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Соҳадаги шу каби мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган қонун билан “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий тарзда сақланиши лозим бўлган шахсга доир маълумотлар рўйхати аниқ белгиланди. Бунда, биометрик ва генетик маълумотлар ҳамда телекоммуникация операторлари хизматларидан фойдаланувчи жисмоний шахсларга оид маълумотлар алоҳида тоифа сифатида белгиланди.
Бошқа турдаги шахсга доир маълумотларни чет элга узатиш, уларни қайта ишлаш ва сақлаш учун аниқ талаблар киритилди. Жумладан, хорижий давлатларда маълумотлар хавфсизлигини етарли даражада таъминлаш, ваколатли давлат органи талабларига риоя этиш, халқаро ахборот хавфсизлиги стандартларини жорий қилиш белгиланди.
Вазирлар Маҳкамасига шахсга доир маълумотларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган давлатлар рўйхатини тасдиқлаш ваколатини бериш назарда тутилди.
Қонун мамлакатимизда электрон тижорат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлади. Эндиликда халқаро тўлов тизимлари ва интернет платформаларининг Ўзбекистон бозорига кириб келиши осонлашади. Аҳоли ва тадбиркорлар учун замонавий молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади. “Яширин иқтисодиёт” улушини қисқартириш, шунингдек, хорижий туристлар учун қулай тўлов муҳити яратилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА