Шахмат: Дунёнинг энг кучли 24 гроссмейстери ўринлари бугун аниқланади
Бугун, 20 ноябрь куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида “Total Chess World Championship Tour 2026” мусобақасининг ҳал қилувчи ўйинлари бўлиб ўтади.
Айнан бугун янгича форматда дунёнинг энг кучли 24 нафар шахматчиси иштирокидаги мусобақада кимлар қайси ўринларни эгаллаши маълум бўлади.
Ортда қолган плей-офф босқич ўйинларидан сўнг, кеча нидерландиялик Аниш Гири ва Франция вакили Алиреза Фирузжа “Total Chess World Championship Tour 2026” чемпионлиги учун илк ўйинда тўқнаш келди.
Қизиқарли кечган учрашувда Аниш Гири Алиреза Фирузжа билан баҳсни 11:9 ҳисобида якунлади. Бу, бугун Гирига чемпионликни нақд қилиш учун дуранг натижа ҳам етарли эканини англатмоқда.

Кеча ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ҳиндистонлик Вайшали Рамешбабу билан 23–24-ўринлар учун белгиланган мусобақанинг дастлабки партиясида 16:4 ҳисобида ғалабага эришди.

Шунингдек, ҳал қилувчи финал ўйинларида Максим Ваше-Лаграв (Франция) — Фабиано Каруана (АҚШ) 3–4-ўринлар учун, Ҳанс Ниманн (АҚШ) — Ян-Кшиштоф Дуда (Польша) 5–6-ўринлар учун, Лием Ле (Вьетнам) — Ян Непомняший (Россия) 7–8-ўринлар учун, Аржун Эригаиси — Ҳайк Мартиросян 9–10-ўринлар учун, Жорден ван Форест (Нидерландия)—Ричард Раппорт (Венгрия) 11–12-ўринлар учун, Левон Аронян (АҚШ) — Уэсли Со (АҚШ) 13–14-ўринлар учун, Шаҳрияр Мамедяров (Озарбайжон) — Винсент Кеймер (Германия) 15–16-ўринлар учун, Магнус Карлсен (Норвегия) — Владислав Артемев (Россия) 17–18-ўринлар учун, Бибисара Асаубаева (Қозоғистон) — Эндрю Ҳонг (АҚШ) 19–20-ўринлар учун, Рамешбабу Праггнанандха — Абҳиманю Мишра 21–22-ўринлар учун кураш олиб борди.
Т.Рўзиев,
ЎзА