Ўзбекистон U17 терма жамоаси бугун мундиалда илк ўйинини ўтказади
Қатарда 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқич баҳслари давом этмоқда. Бугун мусобақада Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ҳам илк турда майдонга чиқади.
Сергей Чигодаев бошчилигидаги терма жамоамиз «Е» гуруҳидан ўрин олган бўлиб, бугун, 20 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 21:00 да Кот-д’Ивуар вакилларига қарши майдонга тушади.
Бугунги дастурдан жами саккизта учрашув ўрин олган. Соат 18:00 да Бельгия — Вьетнам ҳамда Куба — Тожикистон, 18:30 да Мали — Янги Зеландия, 19:00 да Испания — Хитой учрашувлари бошланади. Кейинроқ, соат 20:00 да Италия — Ямайка, 20:30 да Сенегал — Хорватия баҳслари ўтказилади. Соат 21:00 да эса Фижи — Марокаш ҳамда Ўзбекистон — Кот-д’Ивуар терма жамоалари ўзаро куч синашади.
Энди чемпионатнинг дастлабки тури доирасида ўтказилган учрашувлар ва гуруҳлардаги ҳолатга тўхталамиз.

«А» гуруҳида Жаҳон чемпионати мезбони Қатар терма жамоаси панамалик рақибларини 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Греция эса Мисрдан 2:1 ҳисобида устун келди. Натижада Қатар ва Греция уч очкодан жамғарди. Тўплар нисбатига кўра, Қатар гуруҳда биринчи, Греция иккинчи ўринни эгаллади. Миср ва Панама ҳозирча очкосиз.
«В» гуруҳида Жанубий Корея Уганда ўсмирларини 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Эквадор эса Янги Каледония устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ҳар икки жамоа уч очкодан жамғарган бўлса-да, тўплар нисбатига кўра Жанубий Корея гуруҳ пешқадамига айланди. Эквадор иккинчи ўринда бормоқда. Янги Каледония ва Угандада ҳозирча очко йўқ.
«С» гуруҳида Мозамбик ва Дания терма жамоалари ўртасидаги учрашувда ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси фаолият олиб борди. Баҳсни бош ҳакам Аскер Нажафалиев бошқарди. Унга қанотларда Бахтиёрхўжа Шавкатов ва Авазбек Абдуллаев ёрдам берди. Учрашувда Мозамбик терма жамоаси рақибини 4:0 ҳисобида мағлуб этди. Гуруҳнинг иккинчи баҳсида эса Австралия Аргентинадан 2:0 ҳисобида устун келди.

Шу тариқа, Мозамбик ва Австралия уч очкодан жамғарди. Тўплар нисбатига кўра, Мозамбик биринчи, Австралия иккинчи ўринда. Аргентина ва Дания эса очкосиз қолди.
«D» гуруҳида Франция терма жамоаси Гаитидан 3:1 ҳисобида устун келди. Уругвай эса Саудия Арабистонини 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Ҳар икки жамоа уч очкодан олган бўлса-да, тўплар нисбати Франция фойдасига. Шу боис французлар гуруҳда биринчи, Уругвай иккинчи ўриндан жой олди. Саудия Арабистони ва Гаити эса дастлабки турни мағлубият билан бошлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА