Ўзбекистон спорти: халқаро мусобақалар ва миллий чемпионатлардаги натижалар
Мамлакатимиз ва хорижда спортчиларимиз турли мусобақаларда иштирок этиб, юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. Улар орасида ёш истеъдодлар ҳам, тажрибали спортчилар ҳам бор.
Сузиш. Тошкентдаги “Олимпия шаҳарчаси” Сув спорти саройида 11 ва 13 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаси давом этмоқда. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 347 нафар спортчи, жумладан, 135 нафар қиз ва 212 нафар ўғил бола иштирок этмоқда. Дастлабки уч кунда 46 та медаллар жамланмаси учун баҳслар ўтказилди. Мусобақа 21 ноябрга қадар давом этади.
***
Спорт гимнастикаси. Тошкент шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича халқаро турнирнинг саралаш босқичи иккинчи куни якунланди. Кўпкураш дастурида 12 ёшлилар баҳсида Чарос Кучкарова, 14 ёшлилар ўртасида Дилнура Мамаражабова бронза медалига сазовор бўлди. Жамоавий баҳсларда эса Ўзбекистон терма жамоаси иккинчи ўринни эгаллади. Мусобақада Озарбайжон жамоаси ғолиб бўлди.
***
Бокс. Ўзбекистон бокс терма жамоаси етакчиларидан бири Ҳасанбой Дўсматов 4 декабрь куни Истанбул шаҳрида ўтказиладиган IBA Президент кубоги мусобақасида филиппинлик Родерик Баутистага қарши рингга кўтарилади.
***
Эшкак эшиш. Слаломда эшкак эшиш бўйича жорий мавсумнинг якуний мусобақалари ўтказилмоқда. Беллашувларда Тошкент шаҳри, Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Тошкент вилояти ва бошқа ҳудудлардан 186 нафардан зиёд спортчи иштирок этмоқда. Мусобақа якунлари спортчиларнинг 2027 йилги стартларда иштирок этиши учун муҳим аҳамият касб этади. 20 ноябрь куни экстремал слалом бўйича баҳслар ўтказилади.
***
Қиличбозлик. Ўзбекистоннинг ўсмирлар ва қизлар терма жамоаси Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар спорт ўйинларида иштирок этиш учун Москва шаҳрига жўнаб кетди. Ёш спортчилар мусобақада шпага, рапира ва қилич йўналишларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.
***
Пара дзюдо. 20–21 ноябрь кунлари Мисрнинг Искандария шаҳрида пара дзюдо бўйича IBSA Гран-при мусобақаси бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси 16 нафар спортчи билан иштирок этади. Ҳамюртларимиз эркаклар ва аёллар ўртасида J1 ва J2 спорт классларидаги вазн тоифаларида медаллар ҳамда халқаро рейтинг очколари учун кураш олиб боради. Мусобақа 2028 йилги Лос-Анжелес Паралимпия ўйинларига тайёргарлик нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятли.
***
От спорти. Қозоғистоннинг Остона шаҳрида конкур бўйича FEI Жаҳон кубоги — Евроосиё лигаси финали доирасида тўсиқлар баландлиги 145 сантиметр бўлган иккинчи мусобақа ўтказилди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Бекзод Қурбонов “Santos Hippica” лақабли отида иккинчи ўринни эгаллади. Спортчимиз “Matts V.G.” лақабли отида ҳам иштирок этиб, бешинчи натижани қайд этди.
***
Юнон-рум кураши. Тошкентда 20 ёшгача бўлган полвонлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бошланди. Мусобақанинг биринчи кунида 55 килограмм вазнда Жамшид Турдалиев, 63 килограммда Сардор Холмурзаев, 72 килограммда Шаҳзод Қўчқоров, 82 килограммда Билолиддин Умбаров ва 97 килограмм вазнда Фахрикамол Комилжонов олтин медалларга сазовор бўлди. Улар ўз вазн тоифаларида мамлакат чемпионига айланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА