Пойтахтимизда Кадастр агентлиги, Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармалари томонидан амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўтган бир йилда ер назорати бўйича амалга оширилган ишлар, аҳолига кадастр хизматларини кўрсатиш таҳлили ҳамда соҳада аҳоли мурожаатлари билан ишлаш натижалари хусусида маълумот берилди.
Маълумки, Тошкент шаҳрининг умумий ер майдони 43 минг 467 гектарни ташкил этиб, маҳаллалар сони 585 та. Ундаги ер участкалари сони – 2 минг 156 та, квартиралар сони 529 минг 223 та, кўп қаватли уй-жойлар сони эса 11 минг 99 тани ташкил этади.
Тадбирда қайд этилганидек, ўтган бир йилда Тошкент шаҳри бўйича аҳоли яшаш манзилларида 3 минг 118 та ер қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган. Ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф этганлиги сабабли 371 нафар шахс жавобгарликдан озод қилинган. 98 нафар шахсга нисбатан маъмурий иш ҳужжатлари иш жараёнида, 41 нафар шахсга нисбатан тўпланган ҳужжатлар тегишли тартибда суд органларига юборилган.
Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг ҳудудий филиалларига кўчмас мулк объектига кадастр паспортини тайёрлаш бўйича жами 77 минг 613 та ариза келиб тушган. Шундан 52 минг 312 таси ижобий ҳал бўлган, 24 минг 679 таси рад этилган, 622 та ариза жараёнда.
Шунингдек, 124 минг 295 та кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган. Вазирлар Маҳкамасининг 71-сон қарорига асосан Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон аукцион савдоларига чиқариш бўйича жами 663 та бўш ер майдонлари ваколатли ташкилотлар муҳокамасига киритилган. Шундан, 425 та ер участкаси электрон аукцион савдо майдончасига чиқарилган. Аукцион орқали умумий майдони 80,65 га бўлган 279 та ер участкаси 462,91 миллиард сўмга сотилган.
Бошқармалар ва туман бўлимларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 10 минг 507 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 5 минг 193 таси қаноатлантирилган, 3 минг 874 тасига тушунтириш берилган, 62 таси рад этилган, 1 минг 304 таси бошқа идорага юборилган, 22 таси кўрмасдан қолдирилган. Шунингдек, 52 та мурожаат кўриб чиқиш жараёнида. Ижро муддати бузилган мурожаатлар мавжуд эмас.
Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармалари раҳбарияти томонидан соҳага оид масалалар юзасидан пойтахт туманларида ўтказилган сайёр қабулларда 78 та мурожаат ўрганилиб, 30 таси ижобий ҳал этилган, 48 таси бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Гулноза Бобоева, ЎзА