Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўтган йилда амалга оширилган ишлар ва келгуси йилда амалга ошириладиган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Маълумки, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқимиз кундалик ҳаётида ўз ифодасини топиши, қўйилган мақсад ва кутилаётган натижаларга эришиш кўп жиҳатдан давлат идоралари фаолиятининг самарадорлигига бевосита боғлиқ.
Муҳим вазифалардан бири юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат идораларига бормасдан, масофадан туриб кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги маълумотлар, кадастр хизматларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш ҳисобланади. Бу вазифаларни Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси қай даражада уддалаяпти?
Матбуот анжуманида соҳа мутахассислари бу саволга куйдагича жавоб қайтарди.
– Тизимда қоғозбозликка чек қўйилганидан тортиб, фуқаро ва тадбиркорларга кўрсатилаётган кадастр хизматлари муддати аввалги 15-20 кундан ҳозирги 1-2 кунга қадар қисқаргани, сифат эса анча яхшиланганини мисол қилиб келтириш мумкин, – дейди Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Бекзод Ташходжаев.
– Кўчмас мулкнинг кадастр паспортини шакллантириш юзасидан амалга оширилган ишларга тўхталадиган бўлсак, ўтган йилда Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг ҳудудий филиалларига кўчмас мулк объектига кадастр паспортини тайёрлаш бўйича жами 77 минг 613 та ариза келиб тушган. Шундан 52 минг 592 таси ижобий ҳал бўлган, 25 минг 21 таси рад этилган. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни Давлат рўйхатидан ўтказиш йўналишида эса бошқарма томонидан 125 минг 138 та кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган.
Тошкент шаҳрида ўтган йили Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарорига асосан Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида “YERELEKTRON” ААТга жами 663 та (155,85 га) бўш ер майдонлари ваколатли ташкилотлар муҳокамасига киритилган.
Шундан 359 тасига ижобий хулоса олинган, 144 таси рад этилган, 160 таси ваколатли ташкилотлар муҳокамасида. 359 та ер участкаси электрон аукцион савдо майдончасига чиқарилган. Улардан 36 таси аукцион сотувида, 300 таси аукциондан сотиб олинган, 23 таси аукциондан бекор қилинган.
Аукцион орқали умумий майдони 81,71 га бўлган 300 та ер участкалари 479,18 миллиард сўмга сотилган. Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг 1023-сон қарорига асосан аукцион орқали майдони 10,71 га бўлган 27 та ер участкалари 83,09 миллиард сўмга сотилган. Жами 327 та (92,42 га) ер майдони 562,28 миллиард сўмга сотилган.
Маълумки, бугунги кунда ер майдонлари энг замонавий технологиялар ёрдамида хатловдан ўтказилиб, Миллий геоахборот тизими (UzКAD)да ҳисобга олиш, дастур орқали рўйхатдан ўтказиш ҳамда электрон реестрини юритиш ишлари тизимли бормоқда.
UzKAD дастури географик маълумотларни тўплаш, тартибга солиш, бошқариш, таҳлил қилиш, алмашиш ва тарқатиш имконини берувчи тўлиқ тизимдир. Ушбу тизим кадастр қайдлари, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги геофазовий, кадастр ва рўйхатдан ўтказиш маълумотларини яратиш, янгилаш ва бошқариш учун мўлжалланган. Дастур тез-тез янгилаб бориш қийин бўлган қоғоз шаклидаги маълумотлардан воз кечиш имконини беради.
Мазкур шаффоф тизим қонунбузарликларнинг олдини олиб, аҳолига тезкор кадастр хизматлари кўрсатишга ҳам йўл очади. Шакллантирилган рўйхат барча учун очиқ бўлиб, исталган одам геопортал орқали кўчмас мулк жойлашган вилоят, туман ёки шаҳар номи, кадастр рақами, давлат рўйхатидан ўтган сана, ҳужжат ва амалдаги ер майдони каби маълумотларни очиқ ва шаффоф кўриши мумкин.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 27 августдаги SQ-379-IV-сонли қарорига асосан Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳар ҳудудига жами 7853,3 гектар ер майдони ўтган. Шундан 3250,1 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бўлиб, хатлов натижасига асосан Бектемир туманида 586 гектар, Сирғали туманида 259 гектар, Яшнобод туманида 380 гектар ва Мирзо Улуғбек туманида 741 гектар ер майдони “UzKAD” ахборот дастурига юкланган.
Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан кўчмас мулкка доир муносабатларни тартибга солиш ва қонунчилигимизни мустаҳкамлаш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2023 йилнинг 1 март санасидан “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кучга кирди.
Мазкур қонун кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхати соҳасидаги муносабатларини тартибга солиш, бу билан мулкдорларнинг ҳуқуқларини давлат томонидан кафолатлаш ва ҳимоя қилишни қонун даражасида амалга оширишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 ноябрдаги 685-сон қарори билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини аукцион савдоларига чиқаришнинг янги тартиби жорий қилинди. Унга кўра, қурилиш бўлимлари билан биргаликда кадастр органлари филиаллари ҳам бўш ер участкасини аниқлаб, “YERELEKTRON” ААТга киритиши белгиланди.
Ер участкаларини савдога чиқаришда келишув ва муҳокама жараёнларини бирлаштириш ҳисобига келишиш босқичлари 8 тага, аукционга чиқариш муддатлари эса 16 (ижара ҳуқуқида) ва 22 иш кунигача (мулк ҳуқуқида) қисқартирилди. Жисмоний ва юридик шахсларда доимий фойдаланишда (эгаликда) бўлган хусусийлаштирилаётган ер участкасини сотиб олиш қиймати ҳамма ҳудудлар бўйича ер солиғининг базавий солиқ ставкаси 20 баравари миқдорида белгиланган бўлса, янги тартибга мувофиқ Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида ер солиғининг базавий солиқ ставкаси 10 бараварга, бошқа ҳудудларда 5 бараварига камайтирилди.
Бир сўз билан айтганда, соҳага оид қонунчиликдаги янгиликлар фуқаро ва тадбиркорларга қўшимча қулайлик яратиб бермоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА