«Сарчашма» – Чўлпон ижодининг маънавий илдизлари акс этган китоб
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ХХ аср янги ўзбек адабиётининг буюк намояндаси, истеъдодли шоир ва маърифатпарвар Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон хотирасига бағишланган «Сарчашма» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Чўлпон ижодининг ўзига хослиги миллий руҳ, озодлик ғояси ва инсон кечинмаларининг чуқур тасвирида яққол намоён бўлади. Айни пайтда улуғ маърифатпарварнинг ижод намуналари бадиий тилининг таъсирчанлиги, Шарқ ва Ғарб адабиётининг ўзаро уйғунлиги, жанрларининг хилма-хиллиги билан ҳам диққатга сазовор.
«Сарчашма» деб номланган янги китоб давр нафасини, Чўлпон оиласининг тақдирини, миллатнинг маънавий изланишлари ҳамда аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган адабий-маърифий анъаналарни ўзида ифода этгани билан аҳамиятлидир.
Китоб тақдимоти давомида Чўлпоннинг бой адабий мероси, ижодий фаолияти, миллий адабиётимиз тараққиётидаги беқиёс ўрни ҳақида атрофлича фикр юритилди. Шунингдек, буюк шоирнинг шахс сифатида шаклланишида оилавий муҳит, хусусан, отаси Сулаймонқул баззознинг маърифий қарашлари ва тарбияси муҳим ўрин тутгани таъкидланди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, адабиётшунос олимлар, филология фанлари докторлари Ҳамидулла Болтабоев, Нурбой Жабборов, тарихчи олима, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директорининг ўринбосари, тарих фанлари доктори Дилноза Жамолова, шоирнинг жияни Шарифа Мадғозиева ва бошқалар Чўлпон ижодининг ўзига хослиги хусусида батафсил гапирди.
–Келгуси йилда Чўлпон таваллудининг 130 йиллиги кенг нишонланади, – деди уюшма раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо. — Биз адабиёт аҳли, олимлар билан биргаликда ушбу санани муносиб нишонлаш учун катта тайёргарлик кўрмоқдамиз. Биз кўпроқ Чўлпонни Шарқ адабиётини, жаҳон адабиётини, хусусан, Ғарб адабиётини юксак даражада билган, икки катта адабиёт ўртасида олтин кўприк ясай олган, ўзбек адабиёти ва шеъриятини ривожлантиришда инқилобий санъат кўрсатган шоир сифатида биламиз. Унинг мадраса таълимини олганини, янги таълим масканларида сабоқ олганини, қанчадан-қанча улуғ мутафаккирлар билан бир сафда фаолият кўрсатганини биламиз. Лекин Чўлпоннинг шаклланишида унинг отаси ҳам муҳим аҳамият касб этганини ушбу китоб орқали билиш мумкин.
Дарҳақиқат, «Сарчашма» китобининг энг муҳим жиҳатларидан бири – унда шоирнинг отаси Сулаймонқул баззоз, унинг фарзандлари Абдулҳамид Чўлпон ва Фоиқахонларнинг сара ижод намуналари бир китобда жамланган. Бу жиҳатдан китоб нафақат Чўлпон ижодини, балки шоир камол топган маънавий муҳитни англаш имконини ҳам беради.
Сулаймонқул баззознинг шахсий кутубхонасига оид 100 дан ортиқ ноёб асар, шунингдек, 300 саҳифалик қўлёзма девон унинг ўз даври учун юксак маълумотли, илм-маърифатга интилган ва ижодий салоҳиятга эга шахс бўлганини кўрсатади. У диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллаган, замонасида «Мулло Сулаймонқул охунд» номи билан танилган. Ўша давр матбуотини мунтазам кузатиб борган, «Вақт» ва «Таржимон» каби нашрларни ўқиб, дунё воқеаларидан хабардор бўлиб турган.
Демак, Чўлпон қалбидаги маърифат шуъласи тасодифан пайдо бўлмаган. Унинг илдизлари, аввало, оила муҳити, китоб ва илмга бўлган юксак эҳтиром, миллий уйғониш руҳи билан суғорилган.
«Сарчашма» китобининг яна бир муҳим қиммати мутасаввуф шоир Волаи Расвонинг адабий мероси билан боғлиқ. Шоирнинг вафотидан қарийб бир аср ўтгач, унинг қўлёзма девонида сақланган шеърлардан намуналар араб имлосидан жорий ёзувга табдил қилиниб, илк бор нашр этилмоқда.
Бу эса китобхонга нафақат Чўлпоннинг, балки у мансуб бўлган адабий муҳит ва сулола ижодий анъаналарининг яна бир номаълум саҳифаларини очиб беради. Айниқса, Абдулҳамид Чўлпоннинг янги аниқланган ва бугунга қадар эълон қилинмаган 20 га яқин шеъри илк бор китобхонлар ҳукмига ҳавола этилаётгани нашрнинг илмий ва адабий аҳамиятини янада оширади.
Китобдан Чўлпоннинг синглиси Фоиқахон аянинг шеърий машқлари, у кишининг машҳур акаси ҳақидаги хотиралари, шунингдек, Чўлпон хонадонига тегишли ноёб фотосуратлар ҳам ўрин олган. Бу хотиралар китобхонни Чўлпоннинг ижодий олами билан бирга унинг инсон сифатидаги қиёфасига ҳам яқинлаштиради.
«Сарчашма» номи бежиз танланмаган. Чунки ҳар бир буюк ижодкорнинг ортида уни камолга етказган маънавий муҳит, устозлар, ота-она, китоб ва тарих туради. Чўлпоннинг адабий даҳоси ҳам ана шундай чуқур ва мусаффо маънавий сарчашмалардан озиқланган.
Тақдимотда таъкидланганидек, Чўлпон меросини ўрганиш фақат бир шоир ижодини тадқиқ этиш эмас. Бу миллий ўзлик, маърифат, озодлик ва Ватан тақдири ҳақидаги ўйларнинг манбаларини англашдир.
«Сарчашма» ана шу маънавий манбаларга яна бир бор мурожаат қилишга, Чўлпон ва унинг авлодлари қолдирган бебаҳо адабий меросни янгича нигоҳ билан кашф этишга чорлайди.
Адабий тадбирда Чўлпон ижоди хусусида батафсил сўз юритилди. «Art House Hamsa» театр жамоасининг мусиқий дастури намойиш этилди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири