SARA тадқиқоти соғлиқни сақлаш ҳолатини очиқлади
Мамлакатимизда тиббий хизматлар сифатини ошириш ва уларнинг жойлардаги реал ҳолатини холисона баҳолаш борасида халқаро стандартларга асосланган тадқиқот натижалари кенг жамоатчилик ва соҳа мутахассисларига тақдим этилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда амалга оширган SARA (Service Availability and Readiness Assessment) тадқиқотининг якуний натижаларини муҳокама қилишга бағишланган тадбир ўтказилди. Бундай кенг форматдаги учрашув тиббиёт тизимидаги мавжуд ресурсларни очиқ баҳолаш ва келгуси стратегияларни келишиб олиш учун майдон вазифасини ўтади.

Тақдимотда таъкидланганидек, SARA Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан яратилган пухта метод ҳисобланади. Ушбу тизим орқали тиббиёт муассасаларининг аҳолига тиббий хизмат кўрсатишга қанчалик тайёрлиги аниқ мезонлар асосида ўлчанади. Хусусан, ҳар бир муассасанинг бино ва инфратузилмаси, зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиш даражаси, дори-дармон ва диагностика воситаларининг мавжудлиги чуқур таҳлил қилинади.
Мулоқотлар давомида сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида бир қатор ўзгаришлар амалга оширилганига эътибор қаратилди. Хусусан, тиббиётнинг бирламчи бўғинини тубдан яхшилаш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва профилактика кўламини кенгайтириш асосий йўналишлардан бирига айлангани қайд этилди. Шу билан бирга, оилавий шифокорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тиббий муассасаларнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш масалалари асосий мавзулардан бўлди.

Тадқиқот маълумотлари тиббиёт муассасалари фаолиятидаги мавжуд муаммолар ва етишмовчиликларни яққол кўрсатиб беради. Олинган натижалар молиявий маблағлар ва инвестицияларни айнан энг кўп эҳтиёж сезилаётган йўналишларга йўналтириш имконини беради. Келгусида қабул қилинадиган бошқарув қарорларининг аниқ рақамлар ва ҳаётий таҳлилларга асосланишини таъминлайди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА