Ислоҳотлар марказида инсон саломатлиги, натижа эса малакали кадрлар меҳнатида
Инсон бетоб бўлганида унинг учун энг муҳими – шифохонанинг замонавийлиги ёки тиббий ускуналарнинг қимматлиги эмас, балки дардини тушунадиган, тўғри ташхис қўядиган ва ўз вақтида ёрдам берадиган шифокордир. Баъзан беморга берилган биргина тўғри маслаҳат ёки касалликни эрта аниқлаш инсон ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу маънода, тиббиётнинг ҳақиқий қиймати, аввало, инсонлар саломатлиги билан ўлчанади.
– Қанча замонавий клиникалар қурмайлик, энг сўнгги ускуналарни олиб бермайлик, малакали ходимларсиз натижа бўлмайди, – дея таъкидлади Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 27 октябрь куни тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш жараёнида тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш билан бирга, уларнинг сифатини ошириш ва инсон манфаатларига хизмат қилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги ўн йилда ўн миллион аҳолига хизмат кўрсатадиган янги поликлиника ва шифохоналар ишга туширилиб, 58 мингта шифо ўрни яратилди. Тиббий хизматлар ҳажми уч баробар ошди. Илгари фақат хорижда амалга оширилган мураккаб операциялар, жумладан, аъзолар трансплантацияси, робот жарроҳлиги, туғма юрак нуқсонларини даволаш ва бош мия жарроҳлиги каби юздан ортиқ юқори технологик хизматлар бугун юртимизда ҳам муваффақиятли бажарилмоқда.
Тиббиётда технологиялар қанчалик ривожланмасин, уларни тўғри бошқарадиган, таҳлил натижаларини аниқ ўқийдиган ва бемор билан ишлай оладиган мутахассиснинг ўрни ҳал қилувчи бўлиб қолаверади. Шу боис кадрлар тайёрлаш ва уларнинг амалий кўникмаларини ошириш масаласи устувор вазифага айланган.
Бугунги кунда 11 та давлат олийгоҳида йилига 15 минг нафар шифокор тайёрланмоқда. Эндиликда талабалар ҳафтада уч кун беморлар билан бевосита ишлашни ўрганиши, битирувчилар эса сўнгги ўқув йилини тўлиқ тиббиёт муассасасида амалиётда ўтказиши белгиланди. Боиси, аудиторияда олинган назарий билимнинг ҳақиқий қиймати уни амалиётда қўллай олиш билан баҳоланади.
Соҳада ҳамширалик касбига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, тиббий ёрдам сифати фақат шифокор малакасига боғлиқ эмас – бемор шифохонага келганидан то тўлиқ соғайиб чиққунига қадар ҳамширанинг масъулияти ва меҳри ҳал қилувчи роль ўйнайди.

– Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, тиббий хизмат сифати ва ҳамшираларнинг касбий салоҳияти ошиб бораётгани, энг муҳими, аҳолининг тиббиёт тизимидан мамнунлигида намоён бўлмоқда, – дея фикрини бошлади Самарқанд тумани соғлиқни сақлаш бўлими катта ҳамшираси, “Шуҳрат” медали соҳибаси Саноат Абдураҳмонова. – Аҳолига малакали ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун ҳамшира, энг аввало, етарли билим ва кўникмага эга бўлиши, касбий савиясини мунтазам ошириб бориши керак. Бунда муомала маданияти ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Чунки бемор билан тўғри мулоқот қилиш, унинг ҳолатини тушуниш ва керакли тавсияларни бериш ҳам даволаш жараёнининг муҳим қисмидир.
Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 19 майдаги тегишли фармони асосида белгиланган тажриба-синов лойиҳаси доирасида бугун ўрта тиббиёт ходимларининг билим ва малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида фаолият юритаётган тиббиёт бригадалари таркибидаги амалиётчи ҳамширалар ва оила ҳамширалари махсус ўқув дастурлари асосида қайта тайёрланмоқда. Биргина Самарқанд вилоятида 1,5 мингга яқин амалиётчи ҳамшира ва 4,2 мингга яқин оила ҳамшираси ушбу дастурлар асосида таҳсил олмоқда. Белгиланган тартибда уларнинг ойлик маошига устамалар ҳам тўланмоқда. Бу эса ҳамшираларни ўз устида масъулият билан ишлаш, билим ва тажрибасини ошириш ҳамда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишга ундайди.
Тиббиётда юқори натижага эришиш замонавий шароит ва технологиялар билан бирга, ўз касбини пухта биладиган, беморга эътибор ва масъулият билан ёндашадиган ходимларга ҳам боғлиқ. Ҳамшираларнинг касбий ривожланиши учун яратилаётган имкониятлар эса бирламчи тиббий ёрдамни кучайтириш, касалликларнинг олдини олиш ва аҳоли саломатлигини асрашга хизмат қилади, – дея таъкидлади Саноат Абдураҳмонова.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА