Бугун – Бутунжаҳон муддатдан олдин туғилган чақалоқлар куни
Шаффоф ойнали идишдаги миттигина чақалоқлар турли сабабларга кўра, муддатидан олдин туғилади. Кувез ёки инкубатор деб номланувчи ушбу кашфиёт гўдакка она қорнидаги муҳитни эслатувчи илиқлик ва хавфсизликни беради. Тана ҳароратини мўътадил сақлайди, нозик терисидан намлик буғланиб кетишининг олдини олади. Ҳали ташқи микробларга қарши тура олмайдиган нозик организмни ҳар қандай хавфдан ишончли ҳимоя қилади.
Ҳар йили дунё миқёсида қарийб 15 миллион чақалоқ муддатидан олдин – ҳомиладорликнинг 37 ҳафтасига етмасдан дунёга келади. Бу глобал миқёсда ҳар ўнта чақалоқдан биттаси эрта туғилишини англатади. Тиббиёт илми шиддат билан ривожланиб, илгари ҳаётга лаёқатсиз деб ҳисобланган гўдакларни ҳам сақлаб қолиш имконияти яратилганига қарамай, чала туғилиш муаммоси ҳамон дунёдаги энг долзарб тиббий-ижтимоий масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Чунки бу ҳолат бевосита гўдаклар ўлими ва уларнинг келажакдаги саломатлиги билан боғлиқ.
Дунё бўйлаб бу борадаги вазият мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиш даражасига кўра кескин фарқ қилади. Статистик маълумотларга кўра, чала туғилиш ҳолатларининг катта қисми паст ва ўрта даромадли давлатларга тўғри келади. Бироқ, ривожланган мамлакатларда ҳам бу кўрсаткич хавотирли даражада сақланиб қолмоқда. Масалан, АҚШ ва айрим Европа давлатларида сўнгги ўн йилликларда сунъий уруғлантириш (ЭКО) технологияларининг оммалашиши ҳамда ҳомиладор аёлларнинг ёши катталашиши ҳисобига эрта туғилиш ҳолатлари кўпайган. Камбағал ва урушлар ёки инқирозлар остидаги ҳудудларда эса асосий муаммо сифатли тиббий ёрдамнинг етишмаслиги, оналар саломатлигининг пастлиги ва инфекцияларнинг кенг тарқалганидир.
Бу глобал муаммонинг келиб чиқишига турли сабаблар таъсир кўрсатади. Тиббий тадқиқотларга кўра, асосий омиллар қаторига онанинг ёши (ўта ёш ёки 35 ёшдан ошганлар), сурункали касалликлар (юқори қон босими, қандли диабет), ҳомиладорлик пайтидаги стресс ва инфекциялар, шунингдек, икки ҳомиладорлик ўртасидаги қисқа вақт оралиғи киради. Бундан ташқари, эрта туғилишларга экологик муаммолар, носоғлом турмуш тарзи, оғир жисмоний меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий тенгсизликлар ҳам сезиларли таъсир кўрсатади. Кўп ҳолларда эса сабабларни аниқлаб бўлмайди ва тўсатдан туғуруқ бошланиб кетади.
Чала туғилишнинг оқибатлари эса жуда оғир ва кўп қиррали бўлиб, биринчи навбатда, бу ҳолат бевосита гўдаклар ўлимининг асосий сабаби ҳисобланади. Ҳали тўлиқ ривожланмаган ўпка, юрак ва бошқа муҳим аъзолар ташқи муҳитга мослашишда қийналади. Тирик қолган болаларда ҳам келгусида кўриш, эшитиш қобилиятининг пасайиши, асаб тизимининг бузилиши, руҳий ривожланишдан орқада қолиш каби сурункали муаммолар кузатилиши мумкин. Бу оилалар учун улкан руҳий ва моддий зарба бўлса, жамият ва давлат соғлиқни сақлаш тизимига катта иқтисодий юк юклайди.
Ана шундай оғир оқибатларнинг олдини олиш ва мутлақо эрта дунёга келган гўдакларни ҳаётга қайтаришда замонавий тиббиёт бугунги кунда улкан ютуқларни қўлга киритмоқда. Хусусан, янги туғилган чақалоқлар реанимациясида қўлланилаётган юқори технологик инкубаторлар гўдакнинг тана ҳарорати ва намликни мукаммал равишда сақлайди. Ўпкаси ҳали етилмаган чақалоқлар учун сунъий нафас олиш аппаратлари ва махсус ҳимоя моддаси – сурфактант терапияси қўлланилиб, уларнинг мустақил нафас олиши таъминланмоқда. Шунингдек, жуда кам вазн билан туғилган чақалоқларга махсус зондлар орқали озуқа бериш, миниатюра шаклидаги мониторлар орқали юрак уриши ва кислород даражасини сония сайин назорат қилиб бориш имконияти яратилган. Дори-дармонлар ва иммунитетни қўллаб-қувватловчи замонавий усуллар минглаб гўдакларнинг ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилмоқда.
Дунёдаги бу умумий манзарадан Ўзбекистон ҳам четда қолмайди. Мамлакатимизда ҳам оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хусусан, чала туғилган чақалоқларни соғломлаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда бу борада улкан ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, республикамиздаги перинатал марказлар ва туғуруқ комплекслари энг сўнгги русумдаги замонавий кувезлар, сунъий нафас олиш аппаратлари ҳамда юқори аниқликдаги реанимация ускуналари билан таъминланди.
Тиббиётимиздаги туб ислоҳотлар натижасида бугун улар 22 ҳафталик, 500 грамм ва ундан ортиқ вазнда туғилган гўдакларнинг ҳаётини ҳам сақлаб қолмоқда. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига тўлиқ мос келади.
– Ҳозир 500 граммдан ортиқ туғилган болаларнинг ҳаммаси тирик туғилган чақалоқлар қаторига киради. Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди: 700 граммли чақалоқ туғилганда, ҳатто оила аъзолари яшаб кетишига ишонишмаган. Аллоҳнинг мўъжизаси билан шу гўдак яшаб қолди. Ота-онасини чақириб гўдакни қўлларига тутқазганимизда, фарзандимизнинг олдида ҳам уятли бўлдик, деб хижолат бўлишган эди. Бу билан нима демоқчиман, бундай гўдакларга ёрдам бериш учун барча имкониятлар етарли, марказимиз керакли барча махсус аппаратлар билан таъминланган. Уларнинг ҳар бир органини текшира оламиз ва керакли ёрдамни кўрсатамиз, – дейди Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиали шифокори Малика Усманова.
Бу каби муаммоларни бартараф этиш ва хизмат сифатини янги босқичга кўтариш мақсадида юртимизда қатор ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан, 2022 йил 25 апрелда қабул қилинган “2022-2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида”ги Президент қарори бу борада дастурий ҳужжат бўлиб хизмат қилаётир. Ушбу қарорда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, жумладан, эрта туғилишларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланган. Ҳужжат доирасида перинатал ва неонатал хизматларни ривожлантириш, ҳомиладорлик пайтидаги асоратларни барвақт аниқлаш ва хавф гуруҳидаги аёлларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатишни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, Президент ва Ҳукуматнинг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга қаратилган бошқа фармон ва қарорлари ижроси таъминланмоқда. ЖССТ ва ЮНИСЕФ каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда янги миллий клиник протоколлар, шу жумладан ота-оналар ва шифокорлар амалиётига кенг жорий этилаётган «Кенгуру усули» каби халқаро стандартлар қўлланилмоқда. Бу чораларнинг барчаси ҳар бир митти инсоннинг ҳаёт учун курашида ғалаба қозониши ва соғлом келажакка қадам қўйишига ёрдам беради.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА