ЖССТ: 5-17 ёшдаги болалар ҳар куни камида бир соат ўртача ёки юқори даражада ҳаракат қилиши зарур
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги ҳисоботига кўра, дунё миқёсида 11-17 ёшли ўсмирларнинг қарийб 240 миллиони, яъни ҳар тўрт нафаридан бири кундалик ҳаётда етарлича жисмоний фаоллик кўрсатмайди. 140 та давлатдаги сўровлар натижаларига асосланган таҳлилга кўра, ҳатто ҳафтанинг етти куни давомида кунига атиги 60 дақиқа фаол бўлган ўсмирлар улуши атиги 14 фоизни ташкил этади. Ҳолбуки, мунтазам ҳаракат болаларнинг суяк-мушак тизими ва юрак-қон томир саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.
Шу муносабат билан ЖССТ 5-17 ёшдаги болалар ҳар куни камида бир соат ўртача ёки юқори даражада ҳаракат қилиши, асосий қисмини аэроб машқлар ташкил этиб, ҳафтасига камида уч марта мушак ва суякларни чиниқтирувчи машғулотлар билан шуғулланиши лозимлигини тавсия қилмоқда.
***
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази – Gustave Roussy International Ўзбекистон тиббиёт марказида хорижий беморлар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Хорижий фуқароларга хизмат кўрсатишнинг мувофиқлаштирилган тартиби юзасидан батафсил тақдимот қилинди.
Тадбирда беморларнинг мурожаатидан то даволаниши ва қайтишигача бўлган барча босқичлар, жумладан, тиббий ҳужжатларни кўриб чиқиш, трансфер, меҳмонхона, виза масалалари ҳамда маркетингдаги вазифалар атрофлича тушунтирилди. Шунингдек, шифокорлар ва бўлим ходимлари ўртасида тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўйиш орқали ҳар бир беморга индивидуал ёндашиш ва сервис сифатини янада ошириш муҳимлиги таъкидланди.
***
Ҳиндистоннинг Алигарҳ мусулмон университетида (AMU) ўтказилган халқаро илмий симпозиумда Ўзбекистон делегацияси фаол иштирок этди. Нуфузли анжуманда Ҳиндистоннинг етакчи олимлари, Ибн Сино академияси вакиллари ҳамда тиббиёт ва фармакология мутахассислари жам бўлиб, буюк аллома мероси ва унинг замонавий илм-фандаги аҳамиятини муҳокама қилди.
Тадбир доирасида Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудов университет ректори, профессор Наима Хатунни «Ибн Сино» мукофоти билан тақдирлади. Шунингдек, мезбонларга Шарқшунослик институти томонидан тайёрлаб нашр этилган «Тиб қонунлари»нинг янги нашри, 5 тиллик терминологик луғат ҳамда қатор илмий тўпламлар совға қилинди.
***
Тошкент давлат тиббиёт университети ва Жиззах Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми ўртасида 2026-2027 ўқув йилига мўлжалланган ҳамкорлик режаси доирасида илмий-амалий семинар ва маҳорат дарслари ташкил этилди. Унда университетнинг етакчи профессор-ўқитувчилари иштирок этиб, техникум ўқитувчилари учун замонавий клиник ёндашувлар ва илғор педагогик технологиялар бўйича маърузалар ўқиди.
Машғулотларда назарий билимларни амалий кўникмалар билан интеграция қилиш, ўқув жараёнида замонавий методик кейс-стадилардан фойдаланиш ҳамда таълим узвийлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА