Самарқанднинг кузги таровати
Куз – табиатнинг энг нафис ва бетакрор фаслларидан бири. Бу фаслда борлиқ ўзгача тароват касб этиб, атрофга сокинлик ва осойишталик бағишлайди. Айниқса, қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанднинг кузги манзаралари кишига ўзгача завқ улашади.
Айни кунларда кўҳна шаҳарда кузнинг ўзига хос нафаси сезилмоқда. Гарчи дов-дарахтлар ҳали тўлиқ олтин тусга кирмаган бўлса-да, сарғайишга юз тутган барглар, майин шабада ва мусаффо осмон шаҳар қиёфасига ўзгача жозиба бағишламоқда. Асрлар синовидан ўтган тарихий обидалар, муҳташам меъморий ёдгорликлар ва улар атрофидаги кузги манзаралар ўзаро уйғунлашиб, бетакрор гўзаллик ҳосил қилмоқда.
Самарқанднинг ҳар бир гўшасида тарих ва табиат уйғунлигини ҳис этиш мумкин. Қадимий обидалар бағридаги хазонрезги, дарахтлар орасидан таралаётган қуёш нурлари, осудаликка чўмган хиёбонлар куз фаслининг бор гўзаллигини намоён этади. Бундай манзаралар нафақат кўзни қувонтиради, балки қалбга хотиржамлик бағишлаб, кишини мушоҳадага чорлайди.
Ҳар бир фаслнинг ўз файзи, ўз таровати бор. Баҳор яшариш ва янгиланиш рамзи бўлса, ёз ҳаёт жўшқинлигини, қиш эса оппоқ манзаралари билан поклик ва осойишталикни ифодалайди. Куз эса ўзининг сокинлиги, ранглар жилоси ва файзли манзаралари билан ижод аҳлига илҳом, табиат шайдоларига завқ бағишлайди.
[gallery-32222]
Олтин куз оғушидаги Самарқанд ана шундай бетакрор манзаралари билан янада мафтункор кўринмоқда. Тарих нафаси уфуриб турган кўҳна шаҳарнинг кузги таровати ҳар бир қалбга илиқлик, сокинлик ва хотиржамлик улашсин!
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА