Ҳуфар – куз ранглари жилоланган маскан
Куз фасли тоғли ҳудудларга ўзгача тароват бағишлайди. Тилларанг тусга кирган дарахтлар, тоғлар бағридан оқаётган зилол сувлар ва мусаффо ҳаво табиатнинг мафтункор манзарасини ҳосил қилади. Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Ҳуфар қишлоғи айни кунларда ана шундай гўзалликка бурканган.
Тоғлар қўйнида жойлашган қишлоқ ўзининг сўлим табиати, осойишта муҳити ва бетакрор манзаралари билан ажралиб туради. Атрофни ўраб турган тоғ ёнбағирларида кузнинг турфа ранглари жилоланиб, ҳудудга ўзгача файз бағишламоқда.
Бир томонда сарғайган дарахтлар, бошқа томонда қад ростлаган тоғлар, улар орасидан шилдираб оқаётган зилол сувлар ўзига хос табиий манзара ҳосил қилган. Тоғлардан эсаётган салқин шабада ва атрофдаги сокинлик бу масканнинг жозибасини янада оширади.
[gallery-32421]
Ҳуфар қишлоғи ўзининг табиий гўзаллиги ва осойишта муҳити билан табиат қўйнида ҳордиқ чиқаришни истаганлар учун ҳам диққатга сазовор масканлардан биридир.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА