Рубио: Теҳрон билан музокараларда жиддий бурилиш кузатилмаяпти
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги можарони дипломатик йўл билан ҳал этиш борасидаги музокараларда сезиларли ўзгариш кузатилмаётганини маълум қилди.
У Эрон томони илгари сураётган талабларни АҚШ учун қабул қилиб бўлмайдиган, айримларини эса амалга оширишнинг иложи йўқ, деб баҳолади.
Рубио Францияда бўлиб ўтадиган Катта еттилик (G7) давлатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилишида иштирок этиш учун йўлга чиқиш олдидан журналистлар билан суҳбатлашди. Давлат котиби ҳозирча музокараларда жиддий бурилиш кутишга асос йўқлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Трамп маъмурияти зиддиятни дипломатик воситалар орқали ҳал этиш тарафдори эканини яна бир бор қайд этди.
“CNN” телеканалига интервью берган Оқ уй раҳбари Дональд Трамп эса музокараларда олға силжиш кузатилса, Ислом Республикасига қарши кенг кўламли ҳарбий зарбалар қайта бошланиши эҳтимоли жуда пастлигини айтди. Бироқ у зарурат туғилган тақдирда ҳарбий ҳаракатлар давом эттирилиши мумкинлигини ҳам истисно қилмади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА