Теҳрон АҚШ билан музокара олиб борилаётганини инкор этди (+видео)
Қўшма Штатлар раҳбари Дональд Трамп душанба куни Эрон билан зиддият ниҳояси тобора яқинлашаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, янги зарбалар берилиши эҳтимолини ҳам истисно этмади. Бу ҳақда “Euronews” нашри маълум қилмоқда.
Трамп Оқ уйда Қатар бош вазири Шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний билан учрашди. Америка етакчиси Шайхни Эрон билан мавжуд муаммони бартараф этишдаги муҳим воситачи деб атади.
Кейинроқ Трамп ижтимоий тармоқда Қатар бош вазири билан суҳбатини “жуда яхши”, деб баҳолади ва учрашувда Ислом Республикасига оид кўплаб масалалар муҳокама қилинганини ёзди.
АҚШ президенти таъкидлашича, Форс кўрфазидаги давлатлар – Қатар, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн ва Кувайт яна зарба беришдан кўра, ҳозирги вазиятни сақлаб қолишни маъқул кўрган. Қолаверса, барча томонлар Теҳрон ядровий қуролга эга бўлмаслиги керак, деган фикрда якдил.
– Можарони тўхтатиш йўлида ижобий силжиш кўряпмиз, – деган у. – Биз ҳар қандай вазиятда Америка манфаатини ҳимоя қиламиз.
Қатар ҳукумати раҳбари ҳам Трамп ва вице-президент Жей Ди Вэнс билан Вашингтонда ўтказган учрашувини “жуда яхши”, дея баҳолаб, минтақадаги вазият, АҚШ ва Эрон музокарасини илгари суриш йўллари муҳокама қилинганига урғу берган.
Ислом Республикаси Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Муҳсин Ризоий АҚШни “умидсиз ўйинчи каби саросимага тушаётганликда” айблаб, Вашингтонни “карталарни очиш”га чақирди.
– Ўйлаб топилган музокара ҳақида ёлғон хабарлар тарқатишни бас қилинг! – деб ёзган Ризоий.
Теҳрон расмийлари маълум қилишича, мамлакат ҳудудида зарбалар давом этяпти. Фақат АҚШ ҳарбийлари ҳужумларни очиқ тасдиқламаган.
“Tasnim” агентлиги маҳаллий хавфсизлик тизимидаги юқори лавозимли манбага таяниб хабар беришича, ўлканинг музокаралардаги қараши ўзгармаган. Яъни, аввал илгари сурилган 7 шарт бўйича аниқ қадамлар ташланмагунча, АҚШ билан мулоқот олиб борилмайди.
К.Бекжонов, А.Аҳмедов (видео), ЎзА