Россия ҳарбий харажат ортиши туфайли тежамкорликни кучайтирмоқда
Россия молия вазири Антон Силуанов Бош вазир Михаил Мишустинни федерал бюджет маблағи зарур тўловни вақтида амалга ошириш учун етарли бўлмаслиги мумкинлигидан огоҳлантирди.
Ғазначилик ҳисобидаги федерал бюджет қолдиғи 5,5 триллион рубль (65,3 миллиард доллар) манфий даражага тушди. “Bloomberg” маълумотига кўра, шундан сўнг расмийлар тежамкорлик чораларини жорий қилди. Уруш билан боғлиқ бўлмаган фаолият, давлат сектори ва ҳарбийлар маоши, ижтимоий дастурлар, минтақавий ёрдам ва миллий қарзни тўлаш учун маблағ 35 фоиз қисқартирилди.
Федерал идораларга ходимларни 15 фоиз қисқартиришга тайёргарлик кўриш ва барча зарур бўлмаган харажатни кейинга қолдириш буюрилди.
Россия бюджети тақчиллиги аллақачон режалаштирилган 1,6 фоизга нисбатан 6,5 триллион рубль (75,5 миллиард доллар) ёки ялпи ички маҳсулотнинг 2,8 фоизига етди. Молия вазирлиги ички фаразига кўра, 2026 йил охирига келиб вазият янада кескинлашиши мумкин. “Bloomberg” манбалари вазият ҳали жиддий эмаслигини таъкидлаган: Россия ҳали бир неча йил давомида урушни молиялаштиришга қодир.
С.Раҳимов, ЎзА