Россия уруш учун 202 миллиард доллар сарфлайдими?
“Reuters” агентлиги ўрганган ҳукумат ҳужжатига кўра, Россия 2027 йил мудофаа соҳасига 202,58 миллиард доллар ажратишни режалаштирган. Бу дастлаб кўзда тутилган маблағдан 27 фоиз кўп бўлиб, 2022 йил Украина билан ҳарбий ҳаракат бошлангандан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир.
Ҳужжатда келтирилишича, яқин уч йил ичида мудофаа учун умумий ҳисобда 50 триллион рубль сарфланади. Ҳукумат 2026 йил бу соҳага 12,1 триллион рубль ажратишни мўлжаллаган эди, бироқ амалдаги ҳақиқий харажат махфийлаштирилган. Шунингдек, ҳарбий сарфнинг бир қисми бюджетнинг бошқа бўлимларида ҳам акс этиши мумкин.
Бундан ташқари расмийлар 2026 йилги бюджет камомади тахминини 1,6 фоиздан ялпи ички маҳсулотнинг 3,2 фоизигача оширди. Энди бюджет 13,2 фоиз ортиб, ЯИМнинг 20,9 фоизини ташкил этади. Лойиҳа 1 октябргача парламентга тақдим этилиши кутилмоқда.
Ортиб бораётган камомадни қоплаш учун ўтган ҳафта 2027 йилдан бошлаб янги солиқ жорий этилиши эълон қилинди. Хусусан, металлургия ва кончилик компаниялари зиммасига юкланадиган қўшимча бож ҳар йили бюджетга тахминан 200 миллиард рубль келтиради.
2026 йил соф қарз олиш режаси 26 фоиз оширилиб, 5 триллион рублга етказилади. Камомадни камайтириш учун эса Миллий фаровонлик жамғармаси ликвид қисмидан тахминан 11 фоиз сарфланади. Нефть ва газ даромади прогнози 8,9 триллион рублдан 7,6 триллион рублга туширилди. Давлат қарзи ЯИМнинг 19,9 фоиздан 2027 йил 21,7 фоизга етиши кутиляпти. Бу ҳукумат хавфсиз деб ҳисоблайдиган 20 фоизлик меъёрдан юқори. Кейинги йил умумий қарз миқдори 43 фоиз ошиб, 7,7 триллион рублни ташкил этади (1 доллар - 84,4113 рубль.
Ф.Яхшибоева, ЎзА