Рақамли ечимлар – кончилик ишлари самарадорлигини оширмоқда
“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятида рақамли трансформация жараёнлари изчил давом этмоқда. Ана шу стратегик йўналиш доирасида Шимолий кон бошқармаси таркибидаги “Шарқий” конида Ягона кон-геология ахборот тизими тўлиқ ишга туширилди.
Корхона ахборот хизмати маълум қилишича, мазкур лойиҳа Франциянинг “Dassault Systèmes” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилган бўлиб, унда комбинатнинг ишлаб чиқариш жараёнларига мослаштирилган “GEOVIA” дастурий ечимларидан самарали фойдаланилди.

Лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш давомида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Шарқий” конидаги ишлаб чиқариш жараёнларининг ўзига хос жиҳатлари инобатга олинган ҳолда соҳанинг илғор амалиётлари жорий этилди. Геология, маркшейдерлик ва кончилик ишларини режалаштириш бўйича рақамли жараёнлар босқичма-босқич татбиқ қилинди.

Шунингдек, мутахассислар замонавий дастурий таъминот билан ишлаш кўникмаларини ошириш мақсадида ўқитилди. Рақамли маълумотларни бошқариш, жараёнларни стандартлаштириш ва ягона ёндашувларни шакллантириш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ягона кон-геология ахборот тизимининг жорий этилиши кончилик жараёнларини режалаштириш аниқлигини ошириш, бошқарув самарадорлигини юксалтириш ҳамда ишлаб чиқаришдаги хавф-хатарларни камайтиришга хизмат қилади.
Бу каби рақамли ечимлар нафақат ишлаб чиқариш сифатини оширади, балки саноат тармоқларида замонавий бошқарув маданиятини шакллантиришга ҳам замин яратади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири