ОКМКда сунъий интеллект технологиялари ишлаб чиқариш самарадорлигини оширмоқда
Бугун Миллий матбуот марказида “Инновациялар амалда: ОКМК фаолиятида сунъий интеллект имкониятлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда "Олмалиқ КМК" АЖ 3-мис бойитиш фабрикаси директорининг рақамлаштириш бўйича ўринбосари Одил Файзуллаев, "Олмалиқ КМК" АЖнинг инвестиция таклифлари ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлаш бўйича лойиҳа офиси етакчи муҳандиси Малика Тўрахонова ҳамда "Олмалиқ КМК" АЖ бошқарув раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ахборот хизмати бошлиғи Умида Қаршибоева сўзга чиқиб, рақамли трансформация, инновацион ечимларни ишлаб чиқариш жараёнларига кенг жорий этиш, инвестиция лойиҳаларини самарали амалга ошириш ва корхонада очиқ ахборот сиёсатини таъминлашнинг аҳамиятига тўхталди. Шунингдек, улар мазкур йўналишларда амалга оширилаётган ишлар ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда комбинатнинг барқарор ривожланишига хизмат қилаётганини таъкидлади.
Тадбир давомида Олмалиқ кон-металлургия комбинати масъуллари рақамли трансформация ва сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида батафсил маълумот берди.
Қайд этилганидек, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 16 март куни ОКМКга ташрифи давомида сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича берилган топшириқлари ижроси доирасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, комбинат таркибида Сунъий интеллектни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўлими ташкил этилди ҳамда ОКМК халқаро "AI Alliance" ташкилотига аъзо бўлди.
Комбинатда маъдан қазиб олишдан бошлаб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқичларга рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ечимларининг жорий этилиши ишлаб чиқариш самарадорлиги ҳамда меҳнат хавфсизлигини сезиларли даражада оширмоқда.
Бугунги кунда комбинат фаолиятида қатор тизимли рақамли ечимлар муваффақиятли қўлланилмоқда. Хусусан, 80 йиллик геологик ва маркшейдерлик маълумотлари рақамлаштирилиб, карьернинг 3D модели яратилди ҳамда захиралар қайта баҳоланди. Бу эса қазиб олиш ишларини режалаштириш аниқлигини ошириш имконини берди. Шунингдек, "Қалмоққир" ва "Ёшлик-I" конларида маъдан ўлчамларини назорат қилиш ҳамда ҳайдовчилар чарчоғини кузатиш тизимлари ишга туширилди. Комбинат мутахассислари томонидан яратилган дастурлар бугунги кунда технологик жараёнларга муваффақиятли татбиқ этилмоқда.
–Мазкур янги авлод интеллектуал тизими транспорт техника воситаларига хизмат кўрсатишда анъанавий ёндашувдан башоратли бошқарув моделига ўтишни таъминлайди. Бугунги кунда ушбу дастурлар техниканинг интеллектуал диагностикаси, бузилишларни башоратли таҳлил қилиш ва прогнозлаш, лаборатория жараёнларини рақамлаштириш, техника ва агрегатларнинг ягона маълумотлар базасини яратиш ҳамда маълумотлар асосида ресурсларни - мойлар, шиналар ва узелларни самарали бошқариш имконини бермоқда, – деди Одил Файзуллаев.
[gallery-30210]
Тадбирда кадрлар ҳисоби ва иш ҳақини ҳисоблаш жараёнлари "1С: ЗУП" тизими орқали тўлиқ автоматлаштирилгани ҳам қайд этилди. Шунингдек, ходимлар учун ички ҳужжатлар бўйича тезкор қидирув ва маслаҳат берувчи корпоратив AI-ёрдамчи фаолият юритмоқда.
Бундан ташқари, барча кон транспорт воситалари ақлли камералар ва датчиклар билан жиҳозланган. Сунъий интеллект ёрдамида маъдан таркиби карьернинг ўзида таҳлил қилиниб, экскаватор ковши тишлари ҳамда ҳайдовчиларнинг чарчоқ ҳолати реал вақт режимида назорат қилинмоқда. Шиналардаги босим датчиклари эса ёқилғи сарфини камайтиришга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, завод ва фабрикаларнинг виртуал нусхалари яратилди. Энди 1-, 2-, 3-мис бойитиш фабрикалари ҳамда Мис эритиш заводидаги барча жараёнларни Ситуацион марказ экранлари орқали кузатиш мумкин. Мазкур тизим ускуналар сабабсиз тўхтаб қолишининг олдини олиш, ҳар қандай носозликни тезкор аниқлаш ва бартараф этиш имконини бермоқда.
Тадбирда давлатимиз раҳбарининг топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида комбинатда ҳозирги кунда 30 га яқин сунъий интеллект лойиҳаси устида фаол иш олиб борилаётгани таъкидланди. Хусусан, геологик маълумотларни таҳлил қилиш асосида бурғилаш ва портлатиш ишлари оптималлаштирилиб, портловчи материаллар сарфини камайтиришга эришилмоқда. Шунингдек, темирйўл инфратузилмасини мониторинг қилиш тизими жорий этилиб, у йўлдаги носозликларни автоматик аниқлаш ва эҳтимолий аварияларни олдиндан прогноз қилиш имконини бермоқда.
Бундан ташқари, бойитиш фабрикаларида "Machine Vision (Flotation AI)" технологияси жорий қилиниб, унда пуфакчаларнинг ўлчами, тезлиги ва ранги асосида реагентлар қўшиш жараёни сунъий интеллект томонидан автоматик бошқарилмоқда. Шу билан бирга, номзодлар резюмеларини саралаш жараёнини тезлаштирувчи интеллектуал HR тизими ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Қайд этилганидек, ОКМК томонидан ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилган рақамли тизимларнинг 16 тасига Адлия вазирлигининг муаллифлик ҳуқуқи гувоҳномаси олинган. Тадбир якунида келгусида комбинатнинг ягона рақамли экотизимини шакллантириш ва сунъий интеллект технологияларини бошқарувнинг барча босқичларига кенг жорий этиш ишлари изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА