Қувватли трансформаторлар – таъминотда барқарорлик
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 октябрдаги ПҚ-298-сон қарори ижроси доирасида Ёзёвон тумани электр таъминоти инфратузилмасини модернизация қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Туманнинг марказий ва асосий ҳудудларини электр энергияси билан таъминловчи 35/10 кВ кучланишли «Ёзёвон» подстанциясига Хитойдан келтирилган 10 000 кВА қувватли замонавий куч трансформатори ўрнатилди.
Ҳудудда 11 684 та маиший истеъмолчи ва 890 та тадбиркорлик субъекти электр энергиясидан фойдаланмоқда. Янги трансформаторни ўрнатиш подстанциянинг қувват имкониятларини кенгайтириш, электр таъминоти ишончлилигини ошириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган.
Ўзбекистон тумани “Бегобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳам электр таъминоти барқарорлигини ошириш ва мавжуд электр тармоқларини модернизация қилиш ишлари давом этмоқда.
“Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман” дастури доирасида маҳаллага ўрнатилган 129 та янги темир-бетон таянчларга замонавий ҳаво электр узатиш тармоқларини тортиш ишлари олиб борилди. Лойиҳа доирасида маҳаллага 160 КвА қувватдаги 2 та трансформатор ўрнатилди. Натижада маҳалладаги 300 дан зиёд аҳоли хонадонлари электр тармоқларининг техник ҳолати яхшиланди, электр энергиясини истеъмолчиларга янада ишончли етказиб бериш ҳамда тармоқдаги узилишлар эҳтимолини камайтиришга эришилди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА