Улуғнор туманида рақамли нимстанция фойдаланишга топширилди
Кейинги йилларда Андижон вилоятининг барча ҳудудларида аҳоли ва саноат корхоналарининг кўпайиши ортидан электр энергиясига бўлган талаб кескин ортиб бормоқда. Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, қолаверса, куз-қиш ойларида электр энергияси таъминотида узилишлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида электр энергияси таъминотини янада яхшилашга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Улуғнор туманида қуввати 240 МВт бўлган замонавий рақамли нимстанциянинг ишга туширилганлиги ҳам ана шундай лойиҳалардан бири бўлди.
Туман ҳокими М.Аҳмаджонов, соҳа мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар иштирокида нимстанция очилишига бағишланган тадбирда ушбу иншоот туман иқтисодиётини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.


Майдони 1 гектар бўлган, умумий қиймати 7,2 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа доирасида барпо этилган ушбу нимстанцияда йилига 36 миллион КVt-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Иншоотга 17,6 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи тортилди.

Рақамли бошқариладиган, замонавий ҳимоя тизимига эга вилоятнинг энг чекка ҳудудида ишга туширилган нимстанция 30 дан ортиқ йирик саноат корхоналарининг электр энергияси таъминотини яхшилаш ҳамда ҳудудда энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилади.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири