ҚҚС бўйича янги тартиб ишга тушди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 июндан 2030 йил 1 январга қадар умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини ихтиёрий равишда танлаш ҳуқуқи берилди.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, янги тартиб асосий фаолият тури умумий овқатланиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш бўлган тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилади. Бунда давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналар ҳамда йирик солиқ тўловчилар ушбу тартибдан фойдалана олмайди.
Мазкур тартибга ўтиш ёки уни қўллашдан воз кечиш учун тадбиркорлар солиқ органларига хабарнома тақдим этади. Хабарнома юборилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб янги тартиб қўлланилади.
Жумладан, 2026 йил июнь ойида хабарнома юборган тадбиркорлик субъектлари 2026 йил 1 июлдан бошлаб ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибига ўтади.
Мазкур янгилик солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш, ҳисобот юкламасини камайтириш ҳамда кичик бизнес субъектлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА