Истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди
Сирдарё вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодировнинг Хитой ва Германия компаниялари вакиллари билан учрашувлари бўлиб ўтди. Унда Сирдарё вилоятига хорижий инвестицияларни жалб этиш, саноат ва туризм салоҳиятини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ёшларнинг халқаро меҳнат бозоридаги имкониятларини кенгайтиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар ва ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувларда хорижий компаниялар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва таклиф этилган ташаббусларни амалий босқичга олиб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, Хитой компаниялари вакиллари билан Сирдарё туманида умумий қиймати 90 миллион АҚШ доллари бўлган, 75 гектар майдонни эгаллайдиган «Амир Темурнинг ҳарбий санъати» этноҳудуди ва соҳилбўйи туристик шаҳарчасини барпо этиш лойиҳаси кўриб чиқилди. Шунингдек, «Икки мамлакат — икки саноат парки» ҳамда «Хитой — ШҲТ яшил саноат намунали парки» лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Мазкур ташаббуслар вилоятнинг туристик жозибадорлигини ошириш, саноат инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Германиянинг DB Engineering & Consulting компанияси вакиллари билан ўтказилган учрашувда ёшларни касбга тайёрлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, сирдарёлик ёшларни темир йўл соҳасига оид мутахассисликлар бўйича ўқитиш, немис тилига ўргатиш, шунингдек, дуал таълим дастурлари асосида Германия ва бошқа Европа давлатларида меҳнат фаолиятини бошлашлари учун шароит яратиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Бундай ҳамкорлик ёшларни замонавий касб-ҳунар ва хорижий тилларни пухта эгаллаган, халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар этиб тайёрлаш, шунингдек, уларнинг бандлик имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Учрашувлар якунида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, муҳокама қилинган лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича кейинги вазифалар белгилаб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири