Ижтимоий профилактика ўтказилмагани оқибатида...
Самарқанд вилоятида 2026 йилнинг 9 ойида ҳисобга олинган 13 минг 74 та жиноятнинг 6718 таси (51 фоизи) ахборот технологиялари соҳасида, 3235 таси (25 фоизи) олдини олиш мумкин бўлган ҳамда 3121 таси (24 фоизи) аниқланадиган жиноятларни ташкил этди.
Бу рақамлар халқ депутатлари вилоят Кенгашининг бугун ўтказилган сессиясида жорий йилнинг тўққиз ойи давомида вилоятда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш ҳамда криминоген вазиятни соғломлаштириш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берган вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Сарвар Бозоров томонидан қайд этилди.
– Вилоятда хавфсиз муҳитни шакллантириш, маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш ҳамда халқимизнинг тинч ва осуда ҳаёт кечиришини таъминлаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида, 2026 йилнинг 9 ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан жиноят содир қилган шахслар сони 23 фоизга, муқаддам судланганлар томонидан содир қилинган, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 50 фоизга, ёшлар жинояти 32, гуруҳлар томонидан содир қилинган жиноятлар 17, аёллар жинояти 8 ҳамда вояга етмаганлар жинояти 3 фоизга камайди, – деди С.Бозоров. – Жиноят содир қилинган маҳаллалар сентябрь ойида 27 тани ташкил қилиб, июль ойига нисбатан 75 фоизга, августга нисбатан эса 73 фоизга камайган. Ахборот технологияларидан фойдаланиб содир қилинган 1090 та жиноятнинг фош этилиши билан ушбу жиноятлар натижасида халқимизга етказилган 49,8 миллиард сўм зарардан 18,2 миллиард сўмини жабрланувчиларга қайтарилиши ҳамда ҳисоб рақамларнинг чиқиш транзаксияларига тақиқ қўйиш йўли билан 7 миллиард сўм пул маблағларининг музлатилиши таъминланди.
Аммо, таҳлиллар давлатимиз раҳбарининг шу йил 5 январдаги қарори билан тасдиқланган “Республика маҳаллаларида “Ижтимоий профилактика ҳафталиги”ни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ, ижтимоий профилактика ҳафталиги тадбирлари ўтказилган маҳаллаларда профилактик ишлар натижадорлиги етарли даражада таъминланмаганлигини кўрсатди. Туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан ҳар ойда ижтимоий профилактика ҳафталигини ташкил этиш, аҳолининг ижтимоий-маиший муаммоларини ўрганиш, манзилли чоралар кўриш ҳамда маҳалла еттилиги фаолиятини мувофиқлаштириш борасидаги ишлар формал равишда олиб борилган. Натижада, ҳафталик тадбирлари ўтказилган маҳаллаларда криминоген вазият яхшиланиш ўрнига, 36 та маҳалла “қизил” тоифага киритилган.
Хусусан, Самарқанд шаҳрида 5 та, Оқдарё ва Самарқанд туманида 4 тадан, Булунғур ва Ургутда 3 тадан, Нуробод, Пастдарғом, Қўшработ, Пайариқ, Нарпай, Жомбой ва Пахтачида 2 тадан, Тойлоқ, Иштихон ва Каттақўрғон туманида 1 тадан маҳалла “қизил” тоифага киритилган. Мисол учун, Пайариқ туманидаги 2025 йилда “яшил” тоифада бўлган Туркиболо маҳалласида жорий йилда “Ижтимоий профилактика ҳафталиги” ўтказиб келинган бўлса-да, маҳалланинг муқаддам яхши бўлган криминоген вазияти аксинча ёмонлашиб, бугунга келиб оғир тоифадаги “қизил” маҳалла ҳисобига қўшилган.
Оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилганлиги боис 2025 йилда “қизил” ва “сариқ” тоифадаги 679 та маҳалланинг 579 тасида “Ижтимоий профилактика ҳафталиги” ўтказилмаганлиги оқибатида ўтган йил “қизил” тоифада бўлган 77 та маҳалланинг 39 тасида криминоген вазият ўнгланмаган, 18 таси ҳамон “қизил” тоифадаги маҳалла сифатида қолмоқда.
Вилоят прокурори ўринбосари ҳудудий ҳокимликларнинг маҳалла еттилиги субъектлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларнинг фаолияти устидан таъсирчан назоратни таъминлаш борасидаги ишлари ҳам талаб даражасида ташкил этилмаганини қайд этиб, йўл қўйилган камчиликларни тезкор бартараф этиш зарурлигини таъкидлади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири