Малакали кадрлар хорижда ишлашади (+видео)
Давлатимиз раҳбарининг топшириғидан келиб чиққан ҳолда, чет эл мамлакатларида ишлаётган, аммо юқори даромад топа олмаётган ҳамюртларимизни касбга ўқитиш, ҳунар ўргатиш ва малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу орқали мигрантларимизни мўмай пул топиш имкониятига эга бўлишда яқиндан кўмаклашилади.
Саудия Арабистонининг “K°Dot” компанияси бошқарув менежери Файсал Ал Давуд бошчилигидаги делегацияни республика Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги вакиллари ҳамроҳлигида Наманган вилоятига ташрифи айни шу хайрли мақсадга қаратилди.

Икки томонлама бўлиб ўтган учрашув ва музокаралар жараёнида Наманган вилояти, хусусан, Норин туманида ўзаро ҳамкорликда малака марказини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон фуқароларини «Dhaef Global Recruitment» халқаро бандлик агентлиги томонидан таклиф этилаётган бўш иш ўринларига кенгроқ жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидлаш ўринлики, ҳамкорлик доирасида Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларидаги ишсиз фуқаролар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилиши режалаштирилган. Тингловчилар учун амалиёт ўташ, белгиланган мезонлар асосида имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиш ва натижада малака талабларига жавоб берган номзодларни иш билан таъминлаш имкониятлари яратилади.

Ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Норин туманидаги 16-сонли умумтаълим мактаби тегишли фаолиятни ташкил этиш учун мўлжалланган маскан сифатида белгиланди. Меҳмонлар Норин тумани ҳокими Жўрабек Нурматов ҳамроҳлигида ушбу илм масканида бўлиб, мавжуд шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Педагогик жамоа вакиллари билан мулоқотга киришилди.
– Учрашув давомида ҳамкорликни янада ривожлантириш, водий ҳудудидаги ишсиз фуқаролар, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш ва хорижда муносиб меҳнат фаолиятини олиб боришлари учун зарур шароитларни яратиш масалалари юзасидан атрофлича ўзаро фикр алмашдик, – дейди Наманган вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Зафаржон Икромов. – Мазкур келишувимиз келгусида фуқароларнинг касбий салоҳиятини ошириш, халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири