Кадастр агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаслик ҳолатларини аниқлаш, ердан мақсадли фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жойларда қайд этилаётган қонунбузилиш ҳолатларига ўз вақтида чора кўриш мақсадида ер қонунбузилишини содир этган жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида” ги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, жавобгарликка тортилган.
– Агентликнинг ҳудудий шаҳар ва туман инспекторлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказмаслик, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, уларда ноқонуний қурилишларни амалга ошириш каби қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 464 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан 4 миллиард сўмдан ортиқ жарима қўлланилган, – дейди Кадастр агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси маъмурий амалиёт шуъбаси бошлиғи Шавкат Абдуллаев. – Бундан ташқари, жарима жазоси қўлланилган шахслар томонидан жарималар белгиланган вақтда тўланмаган иш ҳужжатлари Мажбурий ижро бюросига жарималарни ундириш учун юборилган.
Шунингдек, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 60-моддаси 2-қисмига асосан юритилган ишларнинг 175 таси жисмоний ва юридик шахслар томонидан биринчи марта содир этилганлиги ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкасини қайтарганлиги, оқибатларини бартараф этгани учун ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий жавобгарлик иши тугатилган ва маъмурий жазодан озод этилган.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири