Кадастр агентлиги Бухоро вилояти Вобкент тумани бўлими ходимлари томонидан ҳудуддаги ноқонуний қурилишлар ўрганилди. Айни пайтда уларни ихтиёрий бартараф қилиш чоралари кўрилмоқда.
– Агентликнинг туман бўлими томонидан ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга чек қўйиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Кадастр агентлиги Вобкент тумани бўлими бошлиғи Суҳроб Эргашев. – Асосий эътибор ер тўғрисидаги қонунлар ижроси устидан тизимли назорат ўрнатиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймасликка қаратилган. Ўтказилаётган мониторинг ва назорат тадбирларида қонунбузилишларнинг олдини олиш, аниқланган ҳолатларни бартараф этиш ва айбдор шахсларнинг тегишли тартибда жавобгарликка тортилиши таъминланмоқда. Жумладан, бўлим томонидан 2023 йилнинг ўтган даврида жами 33 ҳолатда 3,16 гектар ер майдонлари фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, уларнинг ҳар бирига огоҳлантириш хатлари берилди. Аниқланган ҳолатларнинг 13 тасида ер қонунбузилиши жисмоний ва юридик шахслар томонидан огоҳлантиришдан кейин ихтиёрий равишда бартараф этилган. Натижада 1,29 гектар ер майдонлари аввалги ҳолатига қайтарилган.
[gallery-14500]
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан 82 жисмоний ва юридик шахсга 611,13 миллион сўмдан ошиқ жарималар қўлланилган. Шунингдек, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 60-моддаси 2-қисмига асосан юритилган ишларнинг 10 таси жисмоний ва юридик шахслар томонидан биринчи марта содир этилганлиги ва ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкасини қайтарганлиги, оқибатларини бартараф этгани учун ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий жавобгарлик иши тугатилган ва маъмурий жазодан озод этилган.
Шундай ҳолатларнинг бири тумандаги “Латифсобунгар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қайд этилган. Унда фуқаро томонидан 800 кв метр ер майдони ҳеч қандай ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган. Бетон-пойдевор ишлари, ертўла ҳамда ғиштдан 2-қават тикланганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 15 кун муддатда ноқонуний қурилмани ихтиёрий бузиш учун огоҳлантириш хати берилган. Тушунтириш ишлари натижасида ноқонуний қурилма фуқаро томонидан ихтиёрий равишда бартараф қилинди. Оқибатларини бартараф этгани учун ҳуқуқбузар фуқарога нисбатан маъмурий жавобгарлик иши тугатилиб, у маъмурий жазодан озод этилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари