Қатъиятли устоз
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида давлат ва жамоат арбоби Раҳимжон Ражабов хотирасига бағишланган “Чин маънодаги қатъиятли устоз эдилар” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот аввалида халқимизнинг фидойи ва заҳматкаш фарзанди Раҳимжон Ражабов ҳаёти, фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Тақдимот тадбирида Республика “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раисининг ўринбосари, таниқли публицист ва журналист Шароф Убайдуллаев ва бошқалар кейинги йилларда миллий мустақиллигимизнинг тамал тошини қўйган, истиқлолнинг дастлабки ва энг оғир, мураккаб йилларида мамлакатимиз, халқимизнинг турли синовларидан эсон-омон чиқиб кетишида жонбозлик кўрсатган заҳматкаш ҳамюртларимизнинг хотирасини ардоқлаш, уларга чуқур ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, ибратли ҳаёт йўлини, фаолиятини, чин инсоний фазилатларини элимиз, айниқса, ёшларга намуна сифатида кўрсатишга жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Атоқли давлат ва жамоат арбоби Раҳимжон Ражабов ҳам ана шундай ўта синовли, машаққатли даврда заҳмат чеккан инсонлардан бири эди. У собиқ шўролар даврида мамлакатимиздаги йирик корхона ва заводлар, уй-жой мажмуаларининг барпо этилишида бош-қош бўлган, йирик ишлаб чиқариш корхоналарига раҳбарлик қилган инсон эди. Раҳимжон ака узоқ йиллар давомида ҳарбий ва саноат корхоналарида раҳбарлик қилиб келган.

Муаллиф Зиёвуддин Нажимов томонидан ёзилган “Чин маънодаги қатъиятли устоз эдилар” эссе-хотира китобида Раҳим Ражабовнинг бетакрор ҳаёти ва раҳбарлик фаолияти ҳақида ҳамкасблари, қадрдон дўстлари, шараф ва ифтихор билан сўз юритадилар. Шуни ҳам айтиш керакки, мустақилликка эришгунимизга қадар шўро давлатининг бошқарув сиёсати туфайли чекилган азият ва ситамларни биргина халқимиз эмас, ўша даврда юртимиздаги масъулиятли лавозимларда меҳнат қилган кўплаб раҳбарлар ҳам тортган эдилар. Китобда айни ҳолатлар устоз Раҳимжон Ражабов ҳаёти мисолида таъсирчан очиб берилган.
Китобда Раҳим Ражабовнинг юксак инсоний фазилатлари, эл-юрт ишига фидойилиги, шогирдларига меҳрибон ва ғамхўрлиги, мустабид тузум даврида халқимизнинг чеккан азиятлари ҳаётий ҳикоялар асосида очиб берилган. Шу билан бирга, истиқлолнинг дастлабки йилларида Ватанимиз енгиб ўтган тўсиқлар тасвирланиб, коррупцияга қарши курашиш йўллари ҳам ифода этилган. Айни пайтда муаллифнинг воқеалар асносида бефарқлик ва беғамликдан китобхонни огоҳлантиришга бўлган интилиши диққатга сазовор.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири