“Қаллибекнома” – ибратли ва ёрқин умр солномаси
Янги китоб
Ибратли ва ёрқин умрлари билан юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган атоқли инсонлар хотирасига эҳтиром кўрсатиш янги Ўзбекистон мафкурасининг муҳим жиҳатларидан биридир.
Чорак аср Қорақалпоғистонга оқилона раҳбарлик қилган Қаллибек Камолов ана шундай бетакрор шахс эди. У киши шу йилнинг 11 февралида 100 ёшида оламдан ўтганида давлатимиз раҳбари йўллаган самимий ҳамдардликда алоҳида таъкидланганидек, “Атоқли давлат ва жамоат арбоби, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Қаллибек Камоловнинг хотираси қалбларимизда доимо сақланиб қолади”.
Жорий йилнинг 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Атоқли давлат ва жамоат арбоби Қаллибек Камолов таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда белгиланганидек, атоқли оқсоқол таваллудига 100 йил тўлган 18 март куни Нукус шаҳридаги муҳташам “Оқ қуш” мажмуасида Қаллибек Камолов хотирасига бағишланган илк тадбир ўтказилди.

Унда бутун ҳаёти ва фаолиятини ўзи туғилиб вояга етган юрт равнақига бағишлаган моҳир раҳбар, истеъдодли дипломат, кўп йиллик серқирра меҳнат фаолияти давомида бой билим ва тажрибаси, раҳбарлик салоҳияти, юксак инсоний фазилатлари, ватанимизга беқиёс меҳри ва садоқати билан эл-юрт қалбидан чуқур жой олган улуғ инсоннинг оила аъзолари, замондошлари, шогирдлари, издошлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Қаллибек Камоловнинг бевосита раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикасини ҳар томонлама тараққий эттириш, мавжуд мураккаб иқлим шароитида пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги тармоқларини, шунингдек, саноат ва ишлаб чиқаришни равнақ топтириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилганини эҳтиром билан таъкидлади.
Айнан шу кунлари Қуйи Амударё воҳасининг таниқли ижодкорларидан бири, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмалари аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист Янгибой Қўчқоровнинг “Қаллибекнома” номли китоби чоп этилди.
Китоб нафақат атоқли инсоннинг ибратли ва ёрқин умри, балки қорақалпоқ диёрининг кейинги юз йилдаги турмушини қамраб олган. Асар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қаллибек Камоловни “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги 2017 йил 26 август кунги фармони матни билан очилади. Кейин Қаллибек Камоловнинг сўнгги йилларда бир неча марта нашр этилган “Эл хизматида” номли мемуаридан озод, обод юртимиз ҳақидаги сатрлар келтирилади.
“Мен ўз фаолиятим давомида амалга оширган ишларимни ёдга олар эканман, ҳаёт йўлим жуда самарали, бахтиёр кечганига амин бўламан. Юз ёшга кирган кунларим бу дунёда ҳеч бир армоним йўқ, десам хато қилмаган бўламан. Эндиги тилагим: авлодларимиз омон-соғ бўлгай, Аллоҳ Таоло уларга узоқ умр бергай, элимиз обод бўлиб, халқимиз хотиржам ҳаёт кечиргай”, деб ёзган эди отахон.
Китобдан бутун туркий олам адабиётининг атоқли сиймоси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсуповнинг атоқли оқсоқолга бағишланган “Эл оғаси” номли шеъри ўрин олган:
Юрт жойига қўйди ҳурматингизни,
Юрт Эгаси айтиб хизматингизни.
Халқ асло унутмас бир умр қилган,
Жон куйдирган ҳалол меҳнатингизни.
Китобнинг “Элу юртга меҳрин берган етакчилар” бобида қорақалпоқ халқининг Оллоёр Дўсназаров, Қосим Авезов, Кўптилеу Нурмуҳаммедов, ўзбек халқининг Усмон Юсупов, Шароф Рашидов каби фидойи раҳбарлари, оқсоқолга бевосита устозлик қилган таниқли бошчилар Пиржон Сейитов, Матеке Жуманазаров, Наврўз Жапақов, жонкуяр сафдошлари Йўлдош Қурбонов, Ережеп Айтмуратов, Даулет Ешимбетов, Камол Ризаев, Марат Юсупов, шижоатли замондошлари Қурбонбой Абдиров, Авазмат Шарипов, Пиржон Халмуратов, Қосим Нуримбетов, Олимбой Ражабов, Султанмурат Каньязов, Олимбой Примов, атоқли академиклар Собир Камолов, Чаржау Абдиров, Жуманазар Бозорбоев, эл севган санъат арбоблари Нажиметдин Муҳаметдинов, Байрам Матчонов, Нажиметдин Ансатбоев тўғрисида сўз боради.
Китобдан нафақат оқсоқолнинг қорақалпоғистонлик кўп сонли издошлари, балки ҳаётининг сўнгги даврини Москва шаҳрида яшаган шогирди Юрий Журбин, жиззахлик машҳур ирригатор Ўриш Мажидов, самарқандлик олим Юсуф Ҳалимбетов, хоразмлик таниқли раҳбар Исмоил Йўлдошевнинг дил сўзлари ҳам ўрин олган.
Янги китобнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда оқсоқолнинг бетакрор ҳаёти, оиласи ва замондошларига оид кўп сонли суратлар берилган.
Ажойиб устозимиз бўлган бебаҳо инсонни хотирлаш тадбирлари энди бошланди. Қарорда Хотира ва қадрлаш кунида жамоатчилик вакиллари иштирокида “Уч авлод учрашуви”, илмий анжуман ўтказиш белгиланган.
Юртимизнинг фидойи фарзанди, атоқли шахс ҳақида ҳужжатли фильм яратилади, ёрқин ҳаётини акс эттирган китоб-альбом чоп эттирилади, яшаган уйига ёдгорлик лавҳаси ўрнатилади.
Қорақалпоқ халқининг янги даврдаги ёрқин тимсолига айланган бу ажойиб инсон тўғрисида қорақалпоқ ва ўзбек адиблари қатор мағзи тўқ китоблар ёзди. Бу мавзуда янада кўп-кўп асарлар яратилишига ишонамиз.
Атоқли оқсоқол таваллудининг 95 йиллигига бағишлаб “Бургутга бош эгмаган барс” ҳужжатли романини чоп эттирган таниқли адибнинг янги “Қаллибекнома” китоби бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди. Улуғ инсон ёди миннатдор халқимиз қалбида узоқ вақтлар яшаб қолаверади!
Аҳмед Ибрагимов,
Давлат арбоби