Ўктам Мирзаёр: “Жамият ривожида таҳлилий жанрларнинг ўрни”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Таниқли журналист, ёзувчи, шоир ва таржимон Ўктам Мирзаёрнинг “Жамият ривожида таҳлилий жанрларнинг ўрни” номли китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
– Журналистика – ранг-баранг фикрлар ва қарашлардан иборат соҳа. У давр йўналишларини кашф этади, шакллантиради, баҳо беради ва ҳаётда мазмун бағишлайди. Журналистика оммани эзгу мақсадлар, олийжаноблик, фидойилик, ватанпарварлик сари етаклайди, деб ёзади муаллиф китоб дебочасида. – Яна давом этиб, ушбу услубий қўлланмани ишлаб чиқиш хаёли анча вақтдан буён фикр-у зикримни банд этиб келаётган эди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раисининг ўринбосари сифатида фаолият юритган давримда уюшма қошида “Ёш журналистлар клуби”ни ташкил этганимиз ва эндиликда бу ғояларни амалиётга киритиш истаги каминага туртки берди, дейди.
Мазкур тўплам журналистика соҳасида қарийб эллик йиллик тажрибага эга, мамлакатимиздаги турли оммаввий ахборот воситаларида фаолият юритган, педагог ижодкорнинг бўлажак ҳамкасбларни ўйлаб савобли ишга қўл ургани, айниқса, эътиборли.
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, таниқли шоира Фарида Афрўз китоб бошида келтирилган сўзбошида шундай дейди: “Қўлига эндигина қалам тутган журналистлар ижтимоий ҳаётнинг баланд-пастини англаш, қандай ёзиш, нимани ёзиш ҳақидаги тасаввурларини бирданига шакллантира олмайди, одатда. Бунинг учун устозлар қўллови ва йўллови зарур”.
Ўктам Мирзаёрнинг ушбу қўлланмаси бўлажак журналистлар ва шу соҳада фаолият олиб бораётган мутахассислар учун ўзига хос дастур, қўлловлиги билан ажралиб туради.
Маълумки, журналистика – ижтимоий соҳа, унда сиёсат ҳам, барча йўналишдаги соҳа сир-асрорлари ҳам бир мақсадга – халқимиз дунёқарашини янада кўтариш, маънан бой, фикран теранлаштириб, уларнинг бор имкониятини Ватан тараққиётига сафарбар этишга ундаш каби эзгу ниятга қаратилган.
Ўктам Мирзаёрнинг “Жамият ривожида таҳлилий жанрларнинг ўрни” қўлланмаси бугунги ёш ижодкорлар билиши, ўрганиши лозим бўлган кўп жиҳатларни ўзига қамраб олгани билан аҳамиятлидир.
А.Нарзуллоев, ЎзА