Иорданияда «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон» китоби тақдимоти ўтказилади
Эртага – 19 ноябрь куни Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон» номли асари тақдимоти бўлиб ўтади.
Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт йўли, кенг кўламли ислоҳотлари, иқтисодий ва ижтимоий салоҳияти, бой тарихий-маданий мероси ҳамда мамлакатнинг халқаро майдонда илгари сураётган тинчликсевар ташаббусларини Иордания жамоатчилигига кенг танитишга қаратилган.
Тақдимот икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳурмат муносабатларини мустаҳкамлаш, сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва маърифий алоқаларни янги мазмун билан бойитиш нуқтаи назаридан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Янги Ўзбекистон: ислоҳотлар марказида — инсон қадри
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йилда нашр этилган «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон» китоби амалга оширилган ислоҳотлар сарҳисоби эмас. Унда замонавий дунёда кечаётган мураккаб геосиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик жараёнлар, инсоният олдида турган глобал муаммолар ҳамда уларни ҳал этишда давлатлар зиммасидаги вазифалар чуқур таҳлил қилинган.
Асарнинг асосий ғояси — инсон қадрини улуғлаш, халқ манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш, ҳар бир фуқаро учун муносиб ҳаёт ва тараққиёт имкониятларини яратишдан иборат.
Муаллиф мамлакат тараққиётини фақат иқтисодий кўрсаткичлар ёки ишлаб чиқариш ҳажми билан баҳолаш мумкин эмаслигини таъкидлайди. Асл юксалиш инсоннинг ҳаёт сифати, билим ва салоҳияти, ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимояси ҳамда жамиятдаги адолат ва ишонч муҳити билан белгиланади.
Китобда илгари сурилган «Давлат — инсон учун» тамойили Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг бош мезони сифатида намоён бўлади. Таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва давлат бошқарувини такомиллаштириш каби йўналишлар ягона стратегик мақсад — инсон манфаатларига хизмат қиладиган адолатли ва фаровон жамиятни барпо этиш ғояси атрофида бирлаштирилган.
Иқтисодий ислоҳотлар ва янги имкониятлар
Бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар иқтисодиётнинг барча тармоқларини қамраб олган. Мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, хусусий сектор ва тадбиркорликни ривожлантириш, саноатни модернизация қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва ҳудудларни комплекс тараққий эттиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Иқтисодий ўсиш суръатлари ушбу ислоҳотларнинг амалий натижаларини кўрсатмоқда. 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 7,7 фоизга ўсиб, қарийб 147 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Ташқи савдо айланмаси 81,2 миллиард долларга етди, хорижий инвестициялар ҳажми эса 43 миллиард доллардан ошди.
Саноат, қурилиш, хизматлар, қишлоқ хўжалиги ва экспорт соҳаларидаги ўсиш мамлакат иқтисодиётининг диверсификация қилинаётгани, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва иш ўринлари яратилаётганини кўрсатади.
Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, «яшил» иқтисодиётга ўтиш ҳамда транспорт-логистика имкониятларини кенгайтириш Янги Ўзбекистоннинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиясида муҳим ўрин эгаллайди.
Бу жараёнлар Ўзбекистонни нафақат минтақадаги йирик истеъмол бозори, балки халқаро ишлаб чиқариш, инвестиция ва савдо алоқалари учун истиқболли ҳамкорга айлантирмоқда.
Ўзбекистон ва Иордания: стратегик мулоқотдан амалий ҳамкорликка
Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва умумий манфаатларга асосланган ҳолда изчил ривожланмоқда. Икки давлатни сиёсий мулоқот, иқтисодий ҳамкорлик, маънавий қадриятлар ва халқаро хавфсизлик масалаларига нисбатан муштарак ёндашувлар бирлаштириб туради.
2025 йил 26 август куни Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга илк давлат ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида муҳим воқеа бўлди. Самарқандда ўтказилган олий даражадаги музокаралар якунида шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган Қўшма баёнот қабул қилинди ҳамда турли соҳаларни қамраб олган 15 та икки томонлама ҳужжат имзоланди.
Ушбу келишувлар инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, қўшма комиссия фаолияти, олий таълим ва илмий тадқиқотлар, туризм, қишлоқ хўжалиги, ветеринария, стандартлаштириш, диний ишлар ҳамда ҳаво транспорти соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳуқуқий асос яратди. Виза талабларини бекор қилиш тўғрисидаги келишув эса икки халқ ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштиришга хизмат қилади.
Сўнгги даврда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларда ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. 2025 йил якунига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 79,2 фоизга ўсди. Бугун Ўзбекистонда Иордания капитали иштирокидаги 18 та корхона фаолият юритмоқда.
2026 йил 26–27 октябрь кунлари Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири бошчилигидаги делегациянинг Иорданияга амалий ташрифи доирасида икки мамлакатнинг давлат идоралари ва етакчи компаниялари вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Иордания Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган давра суҳбатида саноат кооперацияси, қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, инвестицияларни жалб қилиш ва ўзаро савдони кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, энергетика, геология, кончилик ва транспорт-логистика соҳалари ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида белгиланди.
2026 йил 6 ноябрь куни Астанада Ақаба жараёни доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн ўртасида бўлиб ўтган учрашув ҳам икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга бўлган сиёсий иродани тасдиқлади. Унда савдо, инвестиция, иқтисодиёт, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, халқаро ва минтақавий хавфсизлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Бугун тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани, Ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилиши ўтказилгани ва Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилгани ҳамкорликнинг институционал асослари мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Буюк тарих, бой маънавий мерос ва замонавий маданий юксалиш
Ўзбекистон ва Иорданияни нафақат сиёсий ва иқтисодий манфаатлар, балки умуминсоний қадриятлар, маънавий яқинлик ва бой тарихий меросга бўлган ҳурмат ҳам бирлаштиради.
Ўзбек замини жаҳон цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби буюк алломаларни етиштириб берган. Уларнинг илмий ва маънавий мероси асрлар давомида нафақат Шарқ, балки бутун инсоният тафаккури ва тараққиётига таъсир кўрсатиб келмоқда.
Янги Ўзбекистонда ушбу бебаҳо меросни асраб-авайлаш, чуқур ўрганиш ва уни замонавий илм-фан ҳамда халқаро маърифий мулоқот билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тошкентда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази ана шу эзгу мақсаднинг муҳим ифодасидир. Марказ буюк алломалар меросини ўрганиш, ислом цивилизациясининг илм-фан, маърифат ва инсонпарварлик тараққиётига қўшган ҳиссасини халқаро жамоатчиликка етказиш, турли мамлакатлар олимлари ва тадқиқотчилари ўртасида илмий мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистонда тарихий обидаларни асраш, маданий мерос объектларини қайта тиклаш, музейлар, кутубхоналар, илмий-тадқиқот муассасалари ва халқаро маданий алоқаларни ривожлантириш бўйича ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда. Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва Термиз каби қадимий шаҳарларнинг бой мероси мамлакатнинг халқаро маданий нуфузини ошириш, зиёрат ва маданий туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, «Ислом, энг аввало, инсонийлик, илм-фанни, билимни, маърифатни ва энг олий фазилатларни улуғлайдиган таълимотдир».
Бу ёндашув Ўзбекистоннинг ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш, бағрикенглик ва миллатлараро ҳамда динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларида ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Тинчлик, бағрикенглик ва маърифат — умумий келажак пойдевори
Бугунги мураккаб халқаро вазиятда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, миллатлар ва динлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бутун инсоният олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир.
Ўзбекистон халқаро майдонда очиқ, прагматик ва тинчликсевар ташқи сиёсат юритиб, глобал муаммоларни мулоқот, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик орқали ҳал этиш ғоясини илгари сурмоқда. Мамлакатнинг халқаро ташаббуслари минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, экологик муаммоларни ҳал этиш ва маърифий дипломатияни ривожлантиришга қаратилган.
Иордания Подшоҳлиги ҳам минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлаш, бағрикенглик ва динлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш борасида муҳим ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Шу жиҳатдан икки мамлакатнинг мазкур йўналишлардаги қарашлари ва манфаатлари бир-бирига яқин.
«Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон» асарида ҳам айнан шу ғоя — қарама-қаршилик ўрнига мулоқот, адоват ўрнига ишонч, жаҳолат ўрнига маърифат ва зўравонлик ўрнига тинчликни қарор топтириш зарурати алоҳида таъкидланади.
Китоб — халқлар ўртасидаги маърифий кўприк
Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон» асари турли мамлакатлардаги китобхонлар ва халқаро жамоатчилик эътиборини қозонмоқда. Китоб араб, инглиз, итальян, рус ва урду тилларига таржима қилиниб, кенг халқаро аудиторияга тақдим этилгани унинг ғоявий-маърифий аҳамияти ва турли халқлар ўртасида мулоқот ўрнатишдаги ўрнини намоён этади.
Асарнинг Иорданияда тақдим этилиши, аввало, араб жамоатчилигини Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт концепцияси, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мамлакатнинг халқаро майдондаги позицияси билан яқиндан таништириш имконини беради.
Шунингдек, тадбир икки мамлакат олимлари, зиёлилари, журналистлари, маданият вакиллари ҳамда экспертлари ўртасида фикр алмашиш, илмий-маърифий ҳамкорликни кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳалар учун мулоқот майдони бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Тақдимот доирасида Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестициявий имкониятлари, тарихий-маданий мероси, диний-маърифий салоҳияти, туризм йўналишлари ҳамда Иордания билан ҳамкорликнинг янги истиқболларига алоҳида эътибор қаратилади.
Зеро, бугунги дунёда халқлар ва давлатларни бирлаштирадиган энг муҳим куч — ўзаро ишонч, билим, маърифат ва муштарак тараққиётга интилишдир.
Янги Ўзбекистоннинг Иорданиядаги тақдимоти ана шу эзгу мақсад — халқлар ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва маърифий мулоқот кўприкларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ЎзА