Қабристонлар тартибга келтирилмоқда
Жиззахда Қурбон ҳайити арафасида қабристонларни ободонлаштириш ишлари амалга оширилди
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 майдаги “Қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Қурбон ҳайити арафасида Жиззах вилоятида кенг кўламли умумхалқ ҳашарлари уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Айниқса, зиёратгоҳларни обод этиш, санитария-тозалик ҳолатини яхшилаш, муқаддас қадамжоларни муносиб сақлашга қаратилган эзгу ишлар халқимизга хос ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамламоқда.

Жорий йилнинг 23–24 май кунлари вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги қабристонларда ҳудудларни тартибга келтириш, йўлакларни ободонлаштириш, бегона ўт ва чиқиндилардан тозалаш, кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу жараёнларда маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакилларининг фаол иштироки қарор ижросининг жойларда амалий ҳаракатлар билан таъминланаётганини яққол кўрсатди.

Айниқса, Зомин туманидаги маҳаллаларда ташкил этилган ҳашар тадбирлари аҳолининг юрт ободлиги ва аждодлар хотирасига бўлган юксак эҳтиромини яна бир бор намоён этди. Жумладан, “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинининг Сўфимозор қишлоғида жойлашган “Сўфи ота” қабристонида ўтказилган ҳашарда қабристон ҳудуди тартибга келтирилиб, бегона ўтлар тозаланди, йўлаклар обод қилинди, атроф муҳит озодалиги таъминланди. Эрта тонгдан бошланган хайрли тадбирда қишлоқ аҳолиси, нуронийлар ва ёшлар елкадош бўлиб иштирок этишди.

Шунингдек, Ниҳол маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги қабристонда ҳам кенг қамровли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Ҳашар давомида қуриб қолган шох-шаббалар олиб ташланиб, йўлаклар тартибга келтирилди, ҳудуд файзли ва саранжом ҳолатга келтирилди. Энг муҳими, бу хайрли ишлар маҳалла аҳлини янада бирлаштириб, аждодлар хотирасига эҳтиром ва маънавий қадриятларга садоқат туйғусини мустаҳкамлади.

Навоий маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги "Бош Пешағор" қабристонида ўтказилган ҳашар тадбири ҳам уюшқоқлик ва ҳамжиҳатлик руҳида кечди. Тадбир давомида ҳудуд тозаланди, бегона ўтлар йиғиштирилди, йўлаклар ободонлаштирилди ҳамда атроф муҳитни озода сақлаш ишлари амалга оширилди. Ушбу хайрли ташаббусда маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва қишлоқ аҳолиси фаол қатнашишди.

Бундай эзгу ишлар фақатгина қабристонларни обод этиш билан чекланиб қолмаяпти. Уларнинг замирида халқимизнинг азалий қадриятлари, аждодлар хотирасига эҳтиром, меҳр-оқибат ва дахлдорлик туйғулари мужассам. Қурбон ҳайити арафасида амалга оширилаётган ҳашарлар жамиятда ҳамжиҳатлик, поклик ва маънавий масъулият муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Эътиборлиси, бу каби хайрли тадбирлар нафақат Зомин туманида, балки Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларидаги қабристонларда ҳам бўлиб ўтмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири