6 мингдан ортиқ оилага Қурбон ҳайити эҳсонлари етказилди
Қурбон ҳайити муносабати билан Сирдарё вилоятида эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш, инсон қадрини улуғлаш ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилган хайр-саховат тадбирлари кенг кўламда амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 21 майдаги “Қурбон ҳайитини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида манзилли ижтимоий кўмак тадбирлари ташкил этилди.


Жумладан, Сирдарё вилояти бўйича 6 минг 166 та озиқ-овқат тўпламлари тарқатилиб, “Ижтимоий реестр”га киритилган оилалар, давлат таъминотидаги фуқаролар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларига манзилли ёрдам кўрсатилмоқда.
Эҳсон тўпламлари таркибидан кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олган бўлиб, улар маҳаллалар бўйича эҳтиёжманд оилаларга етказиб берилмоқда. Бу хайрли тадбирларда маҳалла фаоллари, нуронийлар, ҳомийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда.


Айниқса, Қурбон ҳайити арафасида кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик эҳтиёжманд оилаларда катта мамнуният уйғотмоқда. Фуқаролар давлат томонидан олиб борилаётган ижтимоий сиёсат, инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ишлардан миннатдор эканликларини билдирмоқда.
– Байрам арафасида хонадонимизга келиб ҳолимиздан хабар олишгани, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришгани биз учун катта эътибор бўлди. Бундай меҳр ва ғамхўрлик инсонга куч ва руҳий далда беради, – дейди Гулистон шаҳрининг Бўстон маҳалласида яшовчи нуроний Бекназар Маматов.

Вилоятда ўтказилаётган бундай хайр-эҳсон тадбирлари орқали аҳоли ўртасида меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд инсонларга байрам шодиёналарини улашиш мақсад қилинган.
Энг муҳими, бу каби эзгу ишлар юртимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотлар амалий натижа бераётганини яна бир бор намоён этмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири