Қурбон ҳайити куни кўплаб эзгу ишлар амалга оширилди
Қурбон ҳайити байрам қилинадиган ушбу муборак кунларда Жиззах гўё меҳрнинг улкан манзилига айланди. Воҳанинг ҳар бир маҳалласида нуронийлар дуоси, эҳтиёжманд оилаларнинг миннатдор нигоҳлари, болажонлар чеҳрасидаги қувонч ва саховатпеша инсонларнинг самимий қадамлари бир-бирига уйғунлашиб, эзгуликнинг бетакрор манзарасини яратмоқда. Бу — Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш давлат сиёсатининг бош мезонига айланганининг ҳаётий ифодасидир.
Жиззах шаҳридаги “Ўратепалик” ва “Сайилжойи” маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилган хайр-саховат тадбирлари ана шу юксак эътиборнинг амалий намунаси бўлди. Маҳалла “еттилиги”, имом-хатиблар, фаоллар ва нуронийлар эҳтиёжманд хонадонларга кириб борди. Ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олинди, ногиронлиги бўлган фуқароларга кўмак кўрсатилди, муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди. Энг муҳими, бу хонадонларга фақат озиқ-овқат эмас, меҳр кириб борди. Самимий суҳбатлар, дуога йўғрилган эзгу тилаклар инсон қалбидаги умид чироқларини янада ёрқинроқ ёқди.

Айниқса, Жиззах шаҳрида “Вақф” хайрия жамоат фонди орқали 1072 нафар давлат таъминотидаги оила, шунингдек, 90 нафар ўзгалар кўмагига муҳтож ёлғиз ва ёлғиз яшовчи кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга — жами 1172 нафар эҳтиёжманд хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилгани хайрия тадбирларининг кўлами ва таъсирини яққол намоён этди. Бу рақамлар ортида эса минглаб инсонларнинг дуоси, кўнглида уйғонган ишонч ва эртанги кунга умиди мужассам.
Воҳанинг жанубидаги Янгиобод туманида ҳам Қурбон ҳайити муносабати билан амалга оширилаётган саховат тадбирлари одамийлик ва бағрикенгликнинг ёрқин тимсолига айланди.

Туман ҳокимлиги, маҳалла фаоллари, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида эҳтиёжманд оилалар хонадонларига ташрифлар уюштирилиб, уларнинг дарду ташвишлари тингланмоқда. “Вақф” хайрия жамоат фонди орқали ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган фуқаролар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Жами 240 нафар эҳтиёжманд хонадонга байрам совғалари етказиб берилди. Бу хайрли ишлар Янгиобод тоғлари бағрида инсонийлик, меҳр ва оқибатнинг яна бир юксак тимсолини намоён этмоқда.
Вилоят шимолидаги Мирзачўл туманида ҳам эзгулик карвони изчил давом этди. Бу ерда 235 нафар давлат таъминотидаги оила ҳамда 49 нафар ўзгалар кўмагига муҳтож ва ёлғиз яшовчи кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга — жами 284 нафар эҳтиёжманд хонадонга “Вақф” хайрия жамоат фонди орқали озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. “Ипак йўли” маҳалласида ўтказилган саховат тадбирлари эса халқимизга хос меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик фазилатларини яна бир бор намоён қилди.

Энг муҳими, Мирзачўлда оғир касалликларга чалинган болажонларнинг жарроҳлик амалиётлари ва даволаниш харажатларини бепул амалга ошириш учун ваучерлар тақдим этилгани кўплаб оилалар қалбига умид ва ишонч олиб кирди. Зотан, бола кулгиси янграган хонадонда ҳаётга муҳаббат сўнмайди.
Ғаллаорол туманида амалга оширилган хайрли ишлар ҳам одамларнинг қалбида чексиз мамнуният туйғусини уйғотмоқда. Туман ҳокими томонидан Ғўбдин ва Яшнаобод маҳаллаларида яшовчи эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга меҳр ва эътибор кўрсатилди. Бу ташрифлар қуруқ расмият эмас, балки инсон дардига шерик бўлиш, кўнгилга суянч беришдек юксак фазилат ифодаси сифатида аҳамият касб этди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2026 йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида Булоқбоши маҳалласида истиқомат қилувчи I гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаро Б. Хидировнинг уй-жойи тўлиқ таъмирланди. Оқтом маҳалласида яшовчи I гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаро З. Аҳмедованинг хонадонида эса замонавий энергия тежамкор технологиялар асосида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу саъй-ҳаракатлар орқали нафақат уйлар янгиланди, балки инсонларнинг яшашга бўлган ишончи, эртанги кунга умиди ҳам мустаҳкамланди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири