Президентимиз ёшларга мурожаат қилди
Бугун наркотик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятлар аҳоли генофондига катта таҳдид соляпти. Бундай жиноятларнинг учдан бири ёшлар томонидан содир этилаётгани эса жуда хавотирли.
Шу боис, Ўзбекистонда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш масаласи умуммиллий ҳаракатга айлантирилиб, барча куч ва воситалар сафарбар қилинмоқда.
Яқинда ушбу жиноятларга нисбатан жавобгарликни кескин кучайтириш бўйича қонун қабул қилинди.
–Бу иллат ёшларимиз орасида илдиз отишига асло йўл қўймаймиз, буни таг-томири билан қуритмагунча тўхтамаймиз.
Гиёҳвандлик инсоннинг энг қимматли бойлиги – соғлиғи, ақл-иродаси, орзу-мақсадларидан айиради.
Унутманг! Ҳаёт инсонга бир марта берилади. Бундай иллатларга нисбатан муросасиз бўлинг, умрнинг ҳар бир дақиқасини эзгу ишларга сарфланг, – дея ёшларга мурожаат қилди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари ота-оналарга юзланиб, фарзанд оилада камол топиши, вояга етиши, унинг ёрқин келажаги учун мустаҳкам пойдеворни, энг аввало, ота-оналар яратишини таъкидлади. Уларни кун сайин ўзгариб бораётган ўта нозик шароитда фарзанд тарбиясига ҳар қачонгидан ҳам эътиборли бўлишга, масъулият билан қарашга чақирди.
ЎзА