МДҲ Парламентлараро ассамблеяси ялпи мажлисида Ўзбекистон ташаббуслари илгари сурилди
Туркманистоннинг Аваза шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Парламентлараро ассамблеяси (ПА)нинг 61-ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Ялпи мажлисда парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, миллий қонунчиликни уйғунлаштириш, иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ассамблея доирасида қабул қилинаётган намунавий қонунлар ва тавсияларни миллий қонунчиликка татбиқ этиш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратди.

Хусусан, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббий ҳужжатларни ўзаро тан олиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш соҳаларидаги ҳамкорликнинг аҳамияти таъкидланди.
Ўзбекистоннинг 2027 йилда МДҲ ПАга раислик қилиши доирасида парламентлараро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Қўшма инвестициявий ва технологик лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳуқуқий шароитларни такомиллаштириш, ўзаро савдодаги тўсиқларни қисқартириш, терроризм, экстремизм ва кибержиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, таълим ва илм-фан соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш шулар жумласидан.
2027 йил МДҲда Ҳуқуқий маърифат йили деб эълон қилингани муносабати билан ассамблея шафелигида парламент аъзолари, ҳуқуқшунослар, педагоглар ва ёшлар иштирокида туркум учрашувлар ташкил этиш ташаббуси билдирилди.
МДҲ ПА ялпи мажлиси доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Туркманистон Межлиси Раиси Дунёгўзал Гулманова билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда уни янги мазмун билан бойитиш масалалари муҳокама қилинди.
Икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва амалий ҳамкорлик ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилаётгани қайд этилди.
2027 - 2028 йилларга мўлжалланган парламентлараро ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини жонлантириш, шунингдек, парламент қўмиталарининг ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари мулоқоти доирасидаги ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, хотин-қизларнинг илм-фан, инновациялар ва тадбиркорлик соҳаларидаги имкониятларини кенгайтириш, аёл олимлар ва тадбиркорлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
***
МДҲ ПА тадбирлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко билан учрашди.

Унда Ўзбекистон ва Россия ўртасида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзаро ҳамкорлик бўйича комиссиянинг фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, комиссиянинг 2027 йилга мўлжалланган иш режасини ишлаб чиқиш, ҳудудларда амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларни парламентлар томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.
Ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам учрашувнинг муҳим мавзуларидан бири бўлди. Қайд этилганидек, Ўзбекистоннинг 14 та ҳудуди Россиянинг 50 дан ортиқ субъектлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва логистика соҳаларида 200 дан зиёд қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Учрашувда таълим, маданият ва гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА