Тошкент вилояти ва пойтахтда чиқиндиларни бошқариш тизимида қандай масалалар бор?
Бугунги кунда чиқиндиларни самарали бошқариш ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан долзарб аҳамиятга эга масала ҳисобланади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида соҳадаги мавжуд амалиёт ҳамда долзарб муаммоларни таҳлил этиш мақсадида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридаги чиқиндиларни бошқариш тизими муассасалари фаолиятини ўрганди.
“Ангрен Бунёд Файз” хусусий корхонасининг Олмалиқ шаҳар филиалидаги ўрганишларда маиший чиқиндиларни йиғиш, олиб кетиш, саралаш ва қайта ишлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди. Корхонада фаолият юритаётган 179 нафар ходим Олмалиқ ва Нурафшон шаҳарлари ҳамда Оҳангарон ва Ўрта Чирчиқ туманларидаги 316 минг нафар жисмоний ва юридик шахсларга санитар тозалаш хизматларини кўрсатиб келмоқда.
Халқ вакиллари ўрганишлар мобайнида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида корхонага қарашли бўш майдонга дарахт кўчатларини экди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари ҳудуддаги йирик лойиҳа — Ўрта Чирчиқ тумани “Боёвул” МФЙ ҳудудида ташкил этилаётган “Чиқиндиларни қайта юклаш станцияси”ни кўздан кечирди. Бу ерга ҳудудлардан жами 63 та махсус техника орқали бир кунда 1 323 м³ қаттиқ маиший чиқинди олиб келиниши режалаштирилмоқда. Ўзаро мулоқотларда чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва қайта ишлаш жараёнларидаги мавжуд ҳолат, инфратузилма имкониятлари ҳамда тизимда ечимини кутаётган масалаларга эътибор қаратилди.

Шунингдек, ўрганишларда Оҳангарон туманида “China CAMC Engineering Co., Ltd” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳаси билан ҳам танишилди. Чиқиндиларни қайта ишлашга қаратилган, умумий қиймати 240 миллион долларни ташкил этувчи мазкур завод кунига 2,5 минг тонна қаттиқ маиший чиқиндини термик усулда қайта ишлаш ва йилига 390 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.

Бундан ташқари, халқ вакиллари Тошкент шаҳрида тиббиёт чиқиндиларини термик усулда қайта ишлаш лойиҳаси ҳамда пластик, шиша ва алюминий ичимлик идишларини қабул қилишга мўлжалланган фандоматлар фаолияти билан ҳам танишди. Фандоматлар орқали аҳоли сараланган идишларни топшириб, ҳар бири учун 150 сўм миқдорида рағбат олиши мумкин.

Ўрганишлар давомида чиқиндини жойида саралаш, чуқур қайта ишлаш орқали иқтисодий айланмага киритиш ҳамда замонавий технологиялар асосида муқобил энергия манбаига айлантириш борасидаги масалалар таҳлил қилинди. Ушбу таҳлиллар ва амалиётдаги масалалар “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маромига етказишда муҳим асос бўлади.
М.Комилова,
ЎзА