"Президент олимпиадаси": Андижон ва Хоразм жамоалари ғолибликка эришди
“Президент олимпиадаси”нинг чим устида хоккей мусобақасида ғолиб ва совриндор жамоалар номи маълум бўлди.
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” ўйин майдонларида ўғил ва қиз болалар жамоалари ўртасида уч кун давом этган шиддатли мусобақаларнинг якуний натижаларига кўра, Андижон вилояти жамоаси ўғил болалар мусобақасида бош совринни қўлга киритди.
Наманган вилояти жамоаси иккинчи, Навоий вилояти чим устида хоккейчилари учинчи ўринга эга чиқди.
“Президент олимпиадаси”нинг қизлар баҳсида Хоразм вилояти чим устида хоккейчилари ғалабага бўлган кучли иродасини намойиш этиб, шоҳсупасининг энг юқорисидан жой эгаллади. Кейинги совринли ўринлар ўз навбатида Тошкент вилояти ҳамда Фарғона вилояти терма жамоаларига тегишли бўлди.
Ғолибликка эришган жамоалар “Президент олимпиадаси” низомига мувофиқ, медаллар ҳамда 10 миллион сўм пул мукофоти сертификатлари билан тақдирланди.
Шунингдек, 2-ўрин эгаларига 5 миллион, 3-ўринни қўлга киритган жамоалар 3 миллион сўмлик пул мукофоти билан тақдирланди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА