Жиззахлик тўрт спортчи "Президент олимпиадаси" ғолиби бўлди
“Президент олимпиадаси”да Жиззах вилояти вакиллари тўртта олтин медални қўлга киритди. Таэквондо, WT ва бокс бўйича ўтказилган беллашувларда ёш спортчилар рақибларидан устун келиб, юксак натижа қайд этди.
Мамлакатимизда ёшлар спортини ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ўз самарасини бермоқда. Буни “Президент олимпиадаси” доирасида жиззахлик ёшлар эришаётган натижалар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мусобақанинг таэквондо WT йўналишида Зомин тумани вакили Отабек Абдулғозиев 61+ килограмм вазн тоифасида баҳсларга киришди. У барча рақибларини мағлуб этиб, биринчи ўринни эгаллади ва олтин медаль соҳиби бўлди.
Бокс баҳсларида ҳам Жиззах вилояти вакиллари ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. 40 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Файёзбек Норалиев барча рақибларидан устун келиб, мусобақа олтин медалини қўлга киритди.


Яна бир олтин медаль 67 килограмм вазн тоифасида беллашган Заҳро Данияровага насиб этди. У ҳам рақибларини ортда қолдириб, финал баҳсларини муваффақиятли якунлади.
46 килограмм вазн тоифасидаги беллашувларда эса Жасурбек Хайруллаев юқори натижа кўрсатди. У барча рақибларини мағлуб этиб, фахрли биринчи ўринни эгаллади.


Шу тариқа, Жиззах вилоятининг тўрт нафар ёш спортчиси “Президент олимпиадаси”да олтин медалларга сазовор бўлди. Уларнинг муваффақияти машғулотлардаги изланиш, интизом ва маҳорати натижасидир.


Бу ғалабалар вилоятда ёшлар спортига бўлган эътибор самараларини намоён этиб, янги истеъдодлар камол топаётганидан далолат беради.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири