"Президент олимпиадаси": бокс, сузиш ва пара спорт турларида ғолиблар аниқланди
Пойтахтимизда "Президент олимпиадаси" доирасидаги мусобақалар давом этмоқда. Навбатдаги мусобақа кунида бокс, сузиш, голбол, пара таэквондо ва пара енгил атлетика йўналишларида баҳслар ташкил этилди. Кун якунида тўрт спорт тури бўйича ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.
Бокс бўйича ўтган мусобақанинг йигитлар ўртасида 40, 43, 46, 49, 52, 55, 58, 61, 64 ва 67 килограмм вазн тоифаларида ғолиблар аниқланди. Хусусан, Жиззах вакиллари Фаёзбек Норалиев, Жасурбек Хайруллаев ва Азизбек Абдунабиев учта вазн тоифасида чемпионликка эришди. Қизлар ўртасида эса Сарвиноз Зоирова, Робия Нуриллаева, Висола Бахтиёрова, Лола Бозорова, Заҳрохон Тўйчиева, Баҳора Маҳмуджонова, Севинч Юсупова, Муқаддас Зокирова ва Малика Улуғбекова ўз вазнларида биринчи ўринни эгаллади.
Сузиш баҳсларида ҳам бир қатор натижалар қайд этилди. Йигитлар ўртасида 200 метрга брасс усулида Роман Петровнин, эркин усулда эса Муҳаммадризо Аскабилов маррага биринчи бўлиб етиб келди. Қизлар ўртасида Бибимарям Бобожонова, Муслима Комилжонова, Муслима Рузвоева, Закияхон Абдурашидова, Анна Дронова, Бернора Давлатова ва Самина Латипова ўз дастурларида ғолиб бўлди.


Голбол бўйича жамоавий баҳсларда Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Сирдарё ва Қашқадарё вакиллари кейинги поғоналардан жой олди.
Пара таэквондо мусобақаларида йигитлар ўртасида Фаёзбек Валижонов, Исомиддин Иномов ва Шоҳжаҳон Исмоналиев, қизлар ўртасида эса Мадина Мусинова, Қизлархон Исомиддинова ва Каромат Рустамова ўз вазн тоифаларида олтин медалга сазовор бўлди.
Пара енгил атлетикада 60 метрга югуриш ва узунликка сакраш дастурларида Т11, Т36, Т37 ҳамда Т46/47 классификациялари бўйича мусобақалар ўтказилди. Ушбу йўналишларда Аббос Исрафилов, Абдулло Абдураҳимов, Асадбек Ўлмасов, Умиджон Уролтошев, Маҳлиё Насриддинова, Мубина Неъматова, Севинчой Утамуратова ва Сафина Зодаева ўз дастурларида ғолибликни қўлга киритди.
Шу тариқа, “Президент олимпиадаси”да ёш спортчиларнинг маҳорати ва имкониятлари яна бир бор намоён бўлди. Мусобақалар давом этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА