Полвонларимиз Осиё чемпионатини 14 та медаль билан якунлади
Вьетнамнинг Да Нанг шаҳрида спорт курашлари бўйича U23 ёш тоифасидаги Осиё чемпионати ўз якунига етди.
Мусобақанинг эркин кураш бўйича баҳсларида ҳамюртларимиздан -97 кг. вазн тоифасида Шерзод Поёнов финалга қадар муваффақиятли иштирок этиб, мусобақани кумуш медаль билан якунлаган бўлса, -70 кг. вазндаги повлонимиз Шаҳзодбек Ярашев ва вазни 74 килограммгача бўлган курашчилар ўртасида Фазлиддин Насриддинов бронза медалига сазовор бўлди.

Шу тариқа, эркин кураш бўйича терма жамоамиз мусобақани 1 кумуш ва 2 бронза медаль билан якунлади.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, бу галги қитъа биринчилиги Рустам Ассакалов бошчилигидаги термамиз учун омадли бўлди. Юнон-рум курашчиларимиз чемпионатни 4 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медаль билан 189 очко жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринда якунлади.
Чемпионатнинг аёллар кураши баҳсларида вакилларимиз 1 тадан олтин ва кумуш ҳамда 3 та бронза медалини қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА