Полвонларимиз Осиё чемпионатида 11 та медалга сазовор бўлди
Қирғиз Республикасида спорт курашлари бўйича Осиё чемпионати ўз якунига етди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муносиб иштирок этиб, умумий ҳисобда 11 та медални қўлга киритди.
Эркин кураш баҳсларида -65 кг. вазн тоифасида Умиджон Жалолов финалга қадар етиб бориб, кумуш медалга сазовор бўлди. Шунингдек, -92 кг.да Шерзод Поёнов ва -61 кг.да Ғуломжон Абдуллаев бронза медалларини қўлга киритди.
Аёллар курашида ҳам юртдошларимиз совриндорлар қаторидан жой олди. Хусусан, Соҳибжамол Эсбосинова, Актенге Кеунимжаева ва Улмекен Эсенбаева бронза медалларига сазовор бўлди.
Юнон-рум кураши баҳсларида эса Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этди. Жамоамиз аъзолари 2 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритди. Жумладан, Алишер Ғаниев ва Ихтиёр Ботиров ўз вазн тоифаларида Осиё чемпионига айланди. Рафаэл Ситсуашвили кумуш медалга эга чиққан бўлса, Шаҳзод Қўчқоров ва Дониёрхон Накибов бронза медалларини қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА