Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Плеер ва рақамли соатлар

Андижондаги “Idas elektroniks sistem” Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун сифатли плеер ва рақамли соатлар тайёрланмоқда.

Андижондаги Idas elektroniks sistem Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун сифатли плеер ва рақамли соатлар тайёрланмоқда.

Етти йил муқаддам ўз фаолиятини бошлаган мазкур корхонада маҳаллийлаштириш дастури доирасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар самарасида ишлаб чиқариш ҳажми, маҳсулот сифати ва иш унумдорлиги ортиб бормоқда. Айни пайтда корхона мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган “Matiz”, “Damas”, “Spark”, “Neхia”, “Laсetti” ва бошқа русумдаги автомобиллар учун CD/MP3 плеерлари (магнитофонлар), шунингдек, “Neхia” ва “Matiz” автомобиллари учун рақамли соатлар тайёрламоқда.

Корхонада жорий йилнинг биринчи чорагида турли русумдаги автомобиллар учун 28 минг 900 дона SD/USB плеери ҳамда 26 минг 200 дона рақамли соат ишлаб чиқарилди.

Бугунги кунда корхонада меҳнат қилаётган 90 га яқин ишчининг аксарияти ёшлардир. Мураккаб технологик жараёнлар асосида тайёрланадиган магнитофон ва соатлар коллежни битирган ёш мутахассислар томонидан ишлаб чиқарилаётгани эътиборга молик.

– Андижон ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежини тамомлаганман, – дейди 1-ишлаб чиқариш линияси оператори Дилшодбек Абдужалилов. – Мана шундай замонавий корхонада ишлаётганимдан фахрланаман. Негаки, кўчаларимизни тўлдириб юрган енгил автомобилларимизда биз тайёрлаган магнитофон овозини эшитиш ғоят мароқли.

Корхона маҳсулотларининг сифати жаҳон стандартига, халқаро андоза ва талабларга тўла жавоб беради, шу боис улар харидоргирдир.

– Ишлаб чиқаришни модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди корхона бош директори Авазбек Юсупов. – Кейинги йилларда янги линия – штамплаш цехи ишга туширилди. Натижада CD/MP3 плеерларининг металл қисмларини шу ернинг ўзида тайёрлаш ўзлаштирилди. Бунда бизга хорижий ҳамкорларимиз – Сингапурнинг “Sidas Global PTE LTD” компанияси мутахассислари яқиндан кўмак берди.

Корхонада маҳаллийлаштириш доирасида локализация жараёнини янада кенгайтириш ишлари давом эттирилмокда. Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида яратилган барқарор инвестиция муҳити, тадбиркор ва ишбилармонлар учун қулай шароит ва имтиёзлар самарасидир.