Пешағорда томорқачилик ривожланмоқда
Жиззах вилоятининг Зомин тумани Пешағор маҳалласида бугунги манзарани кўрган одам кечаги лалми адирларни эслаб, кўзларига ишонмай қолади. Илгари ёмғирга қараб қолган, баҳор ўтмай сарғайиб кетадиган ерлар ҳозир ям-яшил. Кимдир узум экибди, кимдир кўчат, яна кимдир эса иссиқхона қилиб олган.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 июндаги “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада мутлақо янги босқични бошлаб берди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, томорқачиликни ривожлантириш, аҳолини даромадли меҳнатга жалб қилиш, иссиқхоналарни кенгайтириш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аҳолига имтиёзли кредитлар ажратиш, уруғлик ва кўчатлар билан таъминлаш, агрономик хизматларни йўлга қўйиш каби чоралар ўз самарасини бермоқда.

Пешағорлик Ўктам Бобоев хонадони шулардан бири. Ҳовлидаги 8 сотих иссиқхонага кирсангиз, ҳаммаси тартибли: қаторлари аниқ, суғориши томчилатиб йўлга қўйилган, ҳар бир кўчат назоратда.
— Илгари, ростини айтсам, ерга ишонмасдик, — дейди Ўктам ака. — Ёмғир бўлса — ҳосил бор, бўлмаса — йўқ. Ҳозир эса ер ҳам, меҳнат ҳам ҳисоб билан. Масалан, мана шу 1 сотих бодрингдан камида 1,5–2 тонна ҳосил оляпмиз.
У иссиқхонадаги ҳисоб-китобни оддий қилиб тушунтиради:
— Бозорга қараб сотамиз. Қишда 1 килоси 12–15 минг сўмгача чиқади. Ҳатто ўртача 8–10 мингдан ҳисобласангиз ҳам 1 сотихдан 15–18 миллион сўм тушум бўляпти. Харажатни чиқарсангиз, қолгани ёмон эмас.

Помидор ҳам шундан кам эмас:
— Помидорни тўғри парвариш қилсангиз, 1 сотихдан 2-2,5 тонна олиш мумкин. Эрта баҳорда нархи баланд бўлади. Шунда даромад яна кўпроқ чиқади.
Ўктам аканинг гапидан бир нарса сезилади: у энди оддий деҳқон эмас, ўз ишини ҳисоблаб юритадиган тадбиркор.
— Илгари бир марта ҳосил олсак, шу ҳам катта гап эди. Ҳозир икки марта, айрим қишлоқдошларим уч марта ҳосил оляпти. Қишда ҳам қўл қовуштириб ўтирмаймиз. Иссиқхона бўлса, иш бор, даромад бор, — дейди у.

Мутахассислар ҳам буни тасдиқлайди: замонавий иссиқхонада 1 сотих ердан очиқ майдонга нисбатан камида 3-4 баробар кўп ҳосил олиш мумкин. Томчилатиб суғориш, тўғри ўғитлаш ва касалликларга қарши тизимли кураш эса самарани яна оширади.
Энг муҳими, бундай ўзгаришлар тасодиф эмас. Давлат томонидан томорқачиликни қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредитлар, уруғ ва кўчат таъминоти каби чоралар одамларнинг ерга бўлган муносабатини ўзгартирди.
Пешағор тажрибаси бир ҳақиқатни кўрсатяпти: ерга замонавий ёндашсангиз, у сизга бир эмас, икки эмас — уч карра жавоб қайтаради.
Бу ерда энди “бир қарич ер — бир ҳосил” эмас,
“бир қарич ер — ҳисобли меҳнат бўлса, уч ҳосил” деган қараш қарор топяпти.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири