Томорқадан унумли фойдаланиш — оилавий даромад манбаи
Бухоро вилояти Қоракўл туманининг Арабхона маҳалласида яшовчи Мурод Меҳмонқулов томорқасида иссиқхона ташкил этиб, йил давомида сабзавот ва кўкат маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйган.
Бугун юртимизда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, хонадонларда кичик ишлаб чиқаришни ривожлантириш, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва оилавий даромадини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилаётган бундай саъй-ҳаракатлар ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш, аҳолининг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Арабхона маҳалласида истиқомат қилувчи Мурод Меҳмонқулов ҳам ана шу имкониятлардан фойдаланиб, ўз хонадонида иссиқхона ташкил этган. Меҳнат фаолиятини миграциядан қайтгач, имтиёзли банк кредити асосида бошлаган хонадон соҳибининг бугунги мақсади — ердан йилнинг тўрт фаслида ҳам даромад олиш.
У дастлаб баҳорги мавсумда иссиқхонасида помидор ва бодринг етиштириб, қарийб 30 миллион сўм даромад олди. Айни пайтда эса тузлашга мўлжалланган “Конкурент” навли бодринг парвариши билан банд. Деҳқоннинг ҳисоб-китобларига кўра, жорий ҳосилдан камида 15 миллион сўм атрофида фойда олиш режалаштирилган.
Бодринг етиштиришда нав танлаш, унинг касаллик ва зараркунандаларга чидамлилиги, ҳосилдорлиги ҳамда маҳсулот сифати муҳим ўрин тутади. Мурод Меҳмонқулов ҳам бозор талабини инобатга олган ҳолда, асосан тузлаш учун мўлжалланган навни танлаган. Чунки бундай бодрингнинг эти зич, қирсилдоқ бўлиб, қайта ишлаш ва тузлама тайёрлашда харидоргир ҳисобланади.

— Иссиқхонамизда йил давомида сабзавот ва кўкат маҳсулотлари етиштирилади. Бодринг, помидор, булғор қалампири, картошка, қулупнай экиб, мавсумга қараб ҳосил оламиз. Иссиқхонанинг бўш жойларидан ҳам унумли фойдаланиш мақсадида кўкат етиштиришни йўлга қўйганмиз. Бундан ташқари, ҳовуз қаздириб, унга балиқ чавоқларини ҳам ташлаганмиз. Асосий мақсадимиз — мавжуд имкониятларни ишга солиб, хонадон даромадини ошириш, — дейди Мурод Меҳмонқулов.
Эътиборлиси, бу хонадонда ердан фойдаланиш фақат бир турдаги экин етиштириш билан чекланмаган. Сабзавотчилик, кўкатчилик ва балиқчиликни бир-бирига уйғунлаштириш орқали мавсумийликка боғлиқликни камайтириш, иссиқхонанинг ҳар бир қарич майдонидан самарали фойдаланишга интилиш бор. Бу эса томорқачиликни оддий рўзғор юмушидан оилавий тадбиркорлик даражасига олиб чиқиш мумкинлигини кўрсатади.
Дарҳақиқат, томорқа — фақат оила эҳтиёжини қоплайдиган ер эмас, балки тўғри ёндашув, меҳнат ва ҳисоб-китоб орқали барқарор даромад келтирадиган имкониятдир. Айниқса, иссиқхона ташкил этиш, экинларни бозор талабига қараб танлаш ва ердан йил давомида фойдаланиш орқали бир хонадоннинг ўзида бир нечта даромад манбаини шакллантириш мумкин.
Мурод Меҳмонқуловнинг тажрибаси ҳам бунга бир мисолдир. Муҳими, у мавжуд имкониятни кутиб ўтирмай, меҳнат ва ташаббус билан уни даромад манбаига айлантирмоқда. Бундай хонадонлар кўпайгани сари маҳаллада бандлик, аҳоли фаровонлиги ва бозорларимизда маҳаллий маҳсулотлар мўл-кўллиги ҳам ортиб боради.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири