Парламентлараро иттифоқнинг янги президенти сайланди
Танзаниянинг Аруша шаҳрида Парламентлараро иттифоқ (IPU)нинг 153-ассамблеяси бўлиб ўтди.
Арушадаги Халқаро анжуманлар маркази (AICC)да ўтказилган анжуманда 130 дан ортиқ мамлакатдан 700 га яқин парламент аъзоси, жумладан, 50 нафар спикер ва парламентларнинг 45 нафар спикер ўринбосари иштирок этди. Бундан ташқари, ассамблея ишида халқаро ташкилотлар вакиллари, турли давлатлардан оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашиб, жараённи бевосита кузатиб борди.
Нуфузли анжуманда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди. Сенат Раиси, сенатор ва депутатлар ассамблея доирасидаги мавзулардаги йиғилишлар ва сессияларда фаоллик кўрсатди.
Айтиб ўтиш керакки, мазкур халқаро тадбирда иштирокчиларнинг 39,4 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Бу ассамблея тарихидаги рекорд кўрсаткичдир.

153-ассамблея ишининг якунида Парламентлараро иттифоқ Бошқарув кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда асосий эътибор – демократик институтларни ва жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш, тенг имкониятларни таъминлаш ҳамда иқлим ўзгариши муаммоларига чора кўриш масалаларига қаратилди.
Йиғилишда президент сайлови бўлиб ўтди ва якуний ҳужжатлар қабул қилинди.
Сайлов натижасига кўра, 182 овоз олган Милтон Дик (Австралия) 2026 - 2029 йиллар учун Парламентлараро иттифоқ президенти этиб сайланди.
Саҳиба Гафарова (Озарбайжон) 124 овоз, Рохо Эдвардс (Чили) эса 21 овоз олди.

Янги сайланган президент ўз чиқишида кичик орол –давлатлар манфаатларини ҳимоя қилиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва демократияни мустаҳкамлашни устувор йўналишлар сифатида белгилаб олганини қайд этди. У очиқлик, ўзаро ҳурмат ва парламентлараро мулоқотга содиқлигини тасдиқлаб, 100 кунлик ҳаракатлар режаси ишга туширилишини эълон қилди.
Тадбир доирасида самарали бошқарув, жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва тенг имкониятларни таъминлаш тўғрисидаги Аруша коммюникеси, шунингдек, иккита резолюция қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини илгари суриш ва имкониятларини кенгайтириш, Непал ташаббуси билан иқлим офатлари оқибатларига қарши курашиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган парламент чоралари каби мақсадлар мавжуд.
Иттифоқ низоми ва регламентига ўзгартиришлар киритилди. Меҳнат соҳасида сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланиш ва БМТ низомини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар тақдим этилди.
Парламентлараро иттифоқнинг Парламент аъзолари ҳуқуқлари бўйича қўмитаси таъқиб ва таҳдидларга учраётган қонун чиқарувчиларни ҳимоя қилиш бўйича қарорлар қабул қилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА